Қаршидаги интернат уйи тарбияланувчиларига пони отлари совға қилинди

17:12 25 Декабрь 2018 Жамият
3409 0

Қарши шаҳридаги ногирон болаларга мўлжалланган “Мурувват” интернат уйнинг жажжи тарбияланувчиларига яшаш ва ривожланишлари учун ажойиб шарт-шароитлар яратилди.2018йил 23 декабрь куни капитал реконструкциядан сўнг ушбу уйнинг тантанали очилиши маросими бўлиб ўтди.

Мазкур хайрия лойиҳаси “Газпромбанк” акциядорлик жамияти, “Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамияти томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази ва бошқа ҳамкорлар кўмагида амалга оширилди.

“Мурувват” интернат уйи янги мебель билан жиҳозланди ва ён-атрофдаги ҳудуд тўлиқ ободонлаштирилди. Капитал харажатларнинг умумий суммаси 22 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ташкил этади.

Интернат уйи тарбияланувчиларига иккита пони от совға қилинди, болалар бундан беҳад хурсанд. Болаларни от устида соғломлаштириш мақсадида сайр қилдириш ва жониворлар билан мулоқот қилиш йўли билан реабилитация қилиш “иппотерапия” деб аталади. Бу усул ўзининг таъсирчанлигини исботлаган ва болаларда муҳим туйғуларни ривожлантириш, ташқи муҳитга тезроқ мослаштириш имконини беради.

Бинолар комплекси қурилишида ташкилотчилар томонидан жониворларни сақлаш учун жойлар ҳам кўзда тутилган. Айни чоғда пони отлари Қарши иқлимига мослашиш жараёнидан ўтмоқда.

Интернат уйнинг директори таъкидлаганидек, янги бино 300 нафар болага мўлжалланган ва ҳозирги пайтда у ерда 286 нафар бола истиқомат қилади.

Шуни таъкидлаш керакки, давлатимиз томонидан имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш учун салмоқли маблағлар йўналтирилмоқда. 300 нафар бола учун нормативда қарийб 300 мутахассис кўзда тутилган. Шундан 27 нафари тиббиёт ходими, 75 нафари тарбиячи, 50 нафари хўжалик ходими, энагалардир. Ушбу муассасага уч ёшдан келиб тушадиган болалар билан ўқув ишлари олиб борилади, тиббий хизматлар кўрсатилади. Комиссия томонидан танлаб олинган айрим болалар билан ўқитувчилар якка тартибда шуғулланади. Ҳозирги пайтда бунинг учун алоҳида синфхоналар ташкил қилинган, демак, бундай болаларнинг мослашуви яхшироқ кечади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер