Қаршида Германия билан ҳамкорликдаги янги марказ иш бошлади
Қарши шаҳрида Германиянинг «Prosica GmbH» компанияси билан ҳамкорликдаги Ёшларни немис тилига ўқитиб, тартибли миграцияга юбориш маркази иш бошлади.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, сўнгги йилларда Қашқадарё вилоятида таълим, ёшларга касб-ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлаш соҳаларида Германия компаниялари билан ҳамкорлик қамрови йил сайин ортиб бормоқда. Масалан, жорий йилда Германиянинг «Prosika» ва «Motiba» компаниялари билан ҳамкорликда жорий йил 3 минг нафар, 2030 йилгача жами 50 минг нафар ёшларни нуфузли немис компанияларига ишга юбориш режа қилинган. Бунда ҳар ой германиялик иш берувчи компаниялар вакиллари вилоятга ташриф буюриб, номзодлар билан тўғридан-тўғри суҳбат ўтказади ва шу ернинг ўзида меҳнат шартномалари расмийлаштирилиши кўзда тутилган.
Қарши шаҳрида ташкил этилган янги марказ эса ёшларнинг немис тилини ўрганиши ва келгусида хорижда муваффақиятли ишлашини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Тадбир иштирокчилари Марказда яратилган шароитларни кўздан кечириб, бугундан немис тилини ўрганишга киришган тингловчилар билан яқиндан мулоқот қилди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг