Қаршида «Амир Темур жанговар байроғи» тантанали кутиб олинди
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Хабарингиз бор, Президентимиз ташаббуси билан 2023 йилда илк бор ҳарбий округлар ўртасида «Амир Темур жанговар байроғи» танлови ташкил этилган эди.
Танловнинг жорий йилги босқичида Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округи ғолибликни қўлга киритди. Пойтахтдан «Амир Темур жанговар байроғи» билан қайтаётган округ қўшинлари қўмондонлиги масъуллари Қарши халқаро аэропортида вилоят ҳокимлиги, ҳарбий хизматчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.

Тадбирда Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этиб, Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва барча қашқадарёликларни «Амир Темур жанговар байроғи» қўлга киритилганлиги билан табриклади ва бу барча учун ғурур, ифтихор эканлигини таъкидлади.
Сўзга чиққанлар томонидан бу эътироф Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, қолаверса, Қашқадарё вилоят ҳарбий-маъмурий сектори томонидан Қуролли Кучларимизнинг жанговар шайлигини таъминлаш, миллий армиямизнинг шавкатини янада юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларга берилган муносиб баҳо эканлиги қайд этилди.

Тадбирдан сўнг «Амир Темур жанговар байроғи» Қарши шаҳар кўчалари бўйлаб тантанали олиб ўтилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг