Қарши шаҳрида «Янги Ўзбекистон» массиви қурилиши бошланди
Фото: Халқ сўзи
Қашқадарё вилоят марказидаги «Янги Ўзбекистон» массиви қурилиши учун қўшни Қарши туманидаги «Чаман» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 64,6 гектар майдон танлаб олинди ва лойиҳалаш ишлари «Қишлоқ қурилиш лойиҳа» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди.

Лойиҳага кўра, 64,6 гектарли майдонда 48 та кўп қаватли турар-жой барпо этилиши мўлжалланмоқда. Шундан 18 та уй 16 қаватли, 22 таси эса 12 қаватдан иборат бўлади. 8 та уй эса 9 қаватли қилиб қурилади. Массивда 38 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон боғи», унинг таркибида амфитеатр, болалар ва спорт майдончаси бунёд этиш ҳам кўзда тутилган.

— Аминманки, барпо этилажак «Янги Ўзбекистон» массиви худди Қашқадарёга узукка кўз қўйгандай ярашиқли бўлади, — деди Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Жасур Ғаниев. — Бу ерда яхлит бир мажмуа, яъни шаҳарча пайдо бўлади. Бу кичик шаҳарчада иккита умумтаълим мактаби, иккита мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника, маҳалла маркази, тадбиркорлик биноси, савдо ҳамда умумий овқатланиш мажмуалари қад ростлайди. «Янги Ўзбекистон» массивида бир қатор қурилиш ташкилотлари ҳамда пудратчилар иш олиб боришади. Лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишларини 2 йил муддатда фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

«Янги Ўзбекистон» массивининг лойиҳа тақдимотида Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, секторлар раҳбарлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг