Қарши шаҳрида глюкометр ишлаб чиқарилади
Фото: Халқ сўзи
Қарши шаҳрида қондаги глюкоза миқдорини назорат қилиб, қандли диабет касаллигини аниқлашда фойдаланиладиган тиббий асбоб – глюкометр ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Бу ҳақида воҳага Корея Республикасидан келган инвесторлар – “I-sens Inc” компанияси вакиллари Аллен Хан ва Жи Донг Парк билан бўлиб ўтган учрашув чоғида маълум қилинди. Музокарада Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Баҳром Юсупов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори Бобур Тешаев иштирок этиб, ушбу лойиҳани кореялик инвесторлар билан атрофлича муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, вилоятда олиб бориладиган скрининг текширувларида глюкометрга катта эҳтиёж сезилмоқда. Мазкур тиббий асбобни Қарши шаҳрида ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, валюта эвазига хориждан келтиришга ҳожат қолмайди.
Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг