«Қарши нефть базаси» директори лавозимидан озод этилди
Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ
«Қарши нефть базаси» директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятидаги ўрганишларнинг учинчи кунини айнан ҳудуддаги «Қарши нефть базаси»нинг фаолиятини ўрганиш билан бошлаган.Ўрганишлар давомида нефть базанинг бугунги ҳолати қониқарсиз экани қайд этилган.
Хусусан, нефть маҳсулотларини реализация қилишда самарали ва шаффоф тизим йўлга қўйилмагани, корхона раҳбарияти томонидан бошқарув ва ички назорат механизмлари етарли даражада таъминланмагани сабабли қатор камчиликларга йўл қўйилган.
Аниқланган камчиликлар натижасида нефть база 2025 йилни молиявий зарар билан якунлаган. Таҳлилларга кўра, корхонада хўжалик фаолияти тўғри ташкил этилмаган, харажатлар топилган даромадларга мутаносиб равишда оптималлаштирилмаган. Бу эса, нефть базанинг молиявий ҳолати йил сайин оғирлашиб боришига олиб келган.
Шунингдек, «Қарши нефть базаси»да нефть маҳсулотлари зичлигини (удельный вес) нотўғри қўллаш оқибатида истеъмолчилар манфаатларига зарар етказилган.
Йўл қўйган тизимли камчиликлар ва бошқарувдаги хатоликлар сабаб «Қарши нефть базаси» МЧЖ директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг