Қамашида тадбиркор “Эгилувчан тош” ишлаб чиқаришни йўлга қўйди

17:56 05 Апрель 2023 Иқтисодиёт
1933 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимизда қурилиш маҳсулотларига бўлган талаб юқори. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳам шу соҳага сармоя киритиш, янги-янги лойиҳаларни йўлга қўйишга ундаётгани сир эмас. Натижада қурилиш маҳсулотлари бозори кун сайин ривожланиб, харидорлар учун танлов имконияти ошиб бормоқда.

Қамаши туманининг Қишлиқ маҳалласида яшовчи Ўткир Султонов ҳам ўз тадбиркорлик фаолиятини талабгир қурилиш маҳсулотларидан бири – “Эгилувчан тош” (Гибкий камень) ишлаб чиқаришдан бошлади. Бино деворларини пардозлашда ишлатиладиган ушбу маҳсулот ўзининг замонавий дизайни, фойдаланишда қулайлиги, иссиқ ёки совуқ ҳароратга бардошлилиги, нам ўтказмаслиги ва яна қатор жиҳатлари билан бозорда харидоргир.
 
-  Лойиҳани йўлга қўйишдан аввал ички бозор талабини етарлича ўрганиб, имкониятларимизни чамалаб кўрдик, - дейди Ўткир Султонов. – Якунда шу лойиҳага тўхталдик. Сабаби маҳсулот учун асосий хом ашё ўзимизда бор, маҳсулотга бозорда талаб юқори, қолаверса, ишни бошлаш катта сармоя талаб этмайди.

Дарҳақиқат, бир нечта зарур қолипларни сотиб олиш билан иш бошлаган тадбиркор айни вақтда турли дизайн ва ўлчамдаги “Эгилувчан тош” гулқоғозларини ишлаб чиқармоқда.

-  Бунинг учун тоза қумни қушни Китоб туманидаги тоғ конидан олиб келамиз, - дейди у. -  Қумга зарур кимёвий воситаларни қўшиб, аралашмани қолипда ўзимиз истаган дизайн ва ўлчамда тайёрлаймиз. Деярли барча ишлар қўлда бажарилади.


Эътиборли томони, соҳада бироз тажриба тўплаб, бозорда ўз ўрнига эга бўла бошлаган тадбиркор энди лойиҳани кенгайтириш устида бош қотирмоқда. У келгусида банкдан кредит олиб, ишлаб чиқариш ҳажмини бир неча баробарга ошириш имконини берадиган замонавий технология харид қилишни режалаштираяпти.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ,
“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер