Қалбларни нурга тўлдирувчи муқаддас қадамжо
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарёнинг пурвиқор тоғ ён бағрида жойлашган Хонжиза қишлоғи – юртимизнинг энг гўзал гўшаларидан бири. Бу ерда табиат нафаси, тўлқинли дарё, шамол билан суҳбатлашадиган дарахтлар ва энг муҳими, юз йиллар давомида қалбларни нурга тўлдирадиган муқаддас зиёратгоҳ бор. Бу Сўфий Ҳисорий-Хондизагий зиёратгоҳи бўлиб, унинг сукутида ҳам, ҳар бир ғиштида ҳам чуқур ҳикмат яширин.
Бу ер нафақат дин аҳли учун, балки кенг жамоатчилик, тадқиқотчилар, эко ва маданий туризм мухлисларини ўзига тортувчи масканлардан. Ҳар бир зиёрат инсонни ўтмишга, ибратга, тоза руҳга ошно этади.
1878 йил. Сариосиёнинг илдизига чўккан Хонжиза қишлоғида мулла Абдулвоҳид хонадонида бир чақалоқ туғилди. У Сўфий Ҳисорий-Хондизагий номи билан тарихда қолди. Болалигидан илмга чанқоқ, одоб-ахлоқда намуна бўлган бу зот кейинчалик Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олиб, тасаввуф йўлига кирди. Токи бу йўл уни нафақат илм аҳли билан, балки қалблар билан боғлади. У бутун ҳаётини ҳақиқат ва фазилатни ёйишга бағишлади. Мантиқ, тарих, фалсафа ва аруз илмларини мукаммал ўрганди.
Айтишларича, Сўфий ҳазратлари ҳузурига бирор юрт кишиси кўнгли синиқ бўлиб келса, бу ердан юраги юмшаб, кўзи ёрқин бўлиб қайтган. Чунки у ҳар бир инсонда яхшилик уруғини кўрарди. Унинг тилида ҳам, нигоҳида ҳам руҳий даво бор эди. Унинг шогирдларидан бири айтади: «Устоз бирор марта одамни маломат қилмади. Танқид ўрнига ибрат билан таълим берди».
Унинг укаси – домла Айниддин ҳам сўфийлик илмини давом эттирган, икки оламли илм соҳиби бўлган. Бу икки баркамол инсоннинг қабри бир зиёратгоҳда – ёнма-ён. Буни халқ «иқбол бирлиги» деб атайди. Қабристонда, шунингдек, Муҳаммад Юсуф Маъюсий, Эшони Сафар Халифа каби илму маърифат вакиллари ҳам дафн этилган.
– Сўфий Ҳисорий‑Хондизагий ҳамда домла Айниддин бундан 500 – 600 йил муқаддам яшаб ўтган шайх Нодирмуҳаммад Самарқандий авлодлари саналади, – дейди қишлоқ фахрийси Фарҳод Муҳаммадиев. – Тасаввуфчи уламолар бобокалони йўлини давом эттириб, шариат ва тариқат илмларини чуқур ўрганган, шогирдлар тарбиялаб, кенг маърифат тарқатганлар. Бугунги кунда улуғ зотларнинг қабрлари халқ орасида зиёратгоҳ сифатида эъзозлаб келинмоқда. 2006 йилда Сўфий Ҳисорийнинг «Жўшиши дарёи дарс» шеърий китоби чоп этилди. 2018 йилда қишлоқдан оқиб ўтувчи Хурсанд дарёси бўйига, айнан Сўфий Ҳисорий‑Хондизагийга нисбатан эҳтиром ифодаси сифатида ҳашар йўли билан мақбара ва 100 ўринли масжид қурилди. Зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилди. 2019 йил февраль ойидан бошлаб, мазкур зиёратгоҳ «Вақф» хайрия жамоат фондининг Сурхондарё вилояти бўлими тасарруфига ўтказилди. Шу орқали зиёратгоҳнинг фаолияти янада тизимли, узлуксиз ва замон талабларига мос равишда йўлга қўйилди.
Сўфий Ҳисорий зиёратгоҳи – бу фақат тарих эмас. Бу – руҳ, бу – замонавий инсонга керак бўлган маънавий ором. Дарҳақиқат, бу ерда ҳар нафасда қалб билан мулоқот бор. Бугун бу масканга нафақат Сурхондарёдан, балки юртимизнинг барча ҳудудидан ҳамда хорижлик меҳмонлар ҳам келмоқда.
Табиатнинг соф қучоғида, Хурсанд дарёсининг шивири остида зиёрат қилган инсоннинг қалбида гўё янги бир ҳаёт бошланади. Шу боис бу жой фақат ўтмишга эмас, келажакка ҳам хизмат қилувчи руҳий марказга айланган.
Бугунги тезкор ҳаётда инсоннинг маънавий озуқага бўлган эҳтиёжи янада ортиб бормоқда. Ана шундай пайтда Сўфий Ҳисорий- Хондизагий зиёратгоҳи бизга тарих орқали руҳий бойликни, ўтмишдаги инсонлар сабоғи орқали келажакдаги қарорларимизни мустаҳкамлашни ўргатмоқда.
Маънавият нуридан баҳраманд бўлиш, шукроналикни англаш, қалбга ором бағишлаш истагида бўлган ҳар қандай зиёратчи учун бу маскан эшиклари ҳамиша очиқ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг