Қадимий қалъа қачонгача қаровсиз қолади?

17:46 16 Март 2022 Жамият
1364 0

Фото: Халқ сўзи

Ўтмишга назар ташлаб, бир ҳақиқатни теран англайсан киши: халқимиз азалдан эркка ташна яшаган. Юрт озодлиги учун курашган. Бу ўринда Тўмарис, Широқ, Муқанна, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди каби номи афсонага айланган озодлик курашчиларини эслашнинг ўзи кифоя. Халқ қаҳрамони Маҳмуд Торобий ҳам улар қаторида туради.

Манбалардан маълумки, 1238 йилда Бухоро ён-атрофидаги қишлоқларнинг деҳқон ва косиблари мўғул босқинчиларига қарши очиқ курашга киришадилар. Уларга Жондорнинг Тороб қишлоғида туғилган Маҳмуд Торобий бошчилик қилади. Бу қўзғолон ва унинг қандай интиҳо топгани ҳақида тўхталиш ниятида эмасмиз. Фақат шуни таъкидлаш лозимки, бу исён тарих зарварақларига муҳрланиб қолди. Маҳмуд Торобий том маънода халқ қаҳрамонига айланди.

Ҳозир Жондор тумани ҳудудида бевосита Маҳмуд Торобий номи билан боғлиқ қадимий қалъа бор. Унинг ёши минг йилдан кам эмас. Бу қалъа қолдиқлари сақланиб қолганининг ўзи тақдирнинг бир инояти. Аммо ёшларни она юртга ватанпарварлик руҳида тарбиялашда энг яхши манба вазифасини ўташи мумкин бўлган бу гўша қаровсиз аҳволда.

«Халқ сўзи»нинг расмий сайтида ўтган йили шу ҳақида танқидий мақола эълон қилинган, унда жумладан, қуйидаги сатрларни ўқиш мумкин эди: “...халқимизнинг асл фарзанди, юрт озодлиги йўлида эрта шаҳид кетган жондорлик буюк аждодимиз яшаган қадимий гўша қандай аҳволда, деган савол туғилади.Тепаликда жойлашган бу қалъа юмшоқ қилиб айтганда, жуда абгор ҳолатда. Унинг деворлари қаровсизлик ва ташқи таъсирлар оқибатида нураб қолган. Қалъанинг қуйи қисми қабристон вазифасини ўтаяпти.Тепаликда барпо қилинган Маҳмуд Торобийнинг рамзий қабри ва чуқурлиги чамаси 20 метр бўлган қудуққина мозийнинг суронли йилларидан дарак бериб турибди. Лойшувоқдан қилинган даҳманинг аҳволига боқиб кишининг кўнгли қабр каби чўкиб кетади.»

— Афсуски, бу гўшани обод қилиш ҳақидаги таклифларимизга туманнинг ўша пайтдаги раҳбарлари зиғирча эътибор қаратишмади, — дейди таниқли журналист, меҳнат фахрийси Сафар Аҳмедов. — Туманимизнинг ҳозирги раҳбариятига ҳам шу масалада учрашдим. Аммо бирор натижа бўлганича йўқ .Мана, қалъага киравериш деворида ўрнатилган лавҳани қаранг.

Жондорлик бу жонкуяр ҳамкасбимизнинг айтишича, лавҳада «Маҳмуд Торобий 1238 йилда мўғул босқинчиларига қарши халқ қўзғолонига бошчилик қилган халқ қаҳрамони» деган ёзув туширилган. Лекин эскириб кетганидан ҳарчанд уринмайлик, уни ўқий олмадик.

Лекин бу ҳали ҳолва. Қалъанинг шундоқ бўсағасида, йўл ёқасида қорамол бозори фаолият юритмоқда. Якшанба куни йўл бўйи ва ҳатто қалъа ичкариси автомашиналар учун тураргоҳга айланади. Кимдир қўй-қўзи, кимдир сигир етаклаган. Йўл тирбанд. Асаблар таранг. Бозор тугагандан кейин эса ён-атрофнинг аҳволига қараб бўлмайди. Ваҳоланки, бу йўлдан ўндан зиёд қишлоқ аҳолиси, шунингдек, қўшни Қоракўл тумани йўловчилари автоуловда ўтиб – қайтишади.

Бинобарин, қадимий зиёратгоҳ бўсағасида, серқатнов йўл ёқасида мол бозори очиш кимга керак экан, деган савол туғилади. Бу аждодларимиз, жумладан, халқ қаҳрамони Маҳмуд Торобий руҳига, қадриятларимизга ҳурматсизлик эмасми? Қадимий қалъани томоша қилиш истагида келган сайёҳлар бу ердаги нохуш манзарани кўриб қандай фикрга боришади?!

Шундай экан, Бухоро вилояти фаоллари, депутатлар, жамоатчилик вакиллари, ҳудуддаги маданий мерос объектларини сақлаш, асраш, келажак авлодга зиён-заҳматсиз етказишга масъул маҳаллий давлат ҳокимияти органи – туман ҳокимлиги бу масалага бефарқ қарамайди, деган умиддамиз.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер