Қадаминг қутлуғ келсин, Наврўз!

15:34 21 Март 2022 Жамият
1539 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона аҳли энг суюкли ва қадрдон байрам – Наврўзга хуш кайфиятда пешвоз чиқиб, вилоят марказидан тортиб энг олис маҳаллалар, кўчалар, хиёбонлар, маданият ва истироҳат боғлари байрамона безатилди. Табиатдаги гўзаллик қалбларга кўчган ҳолда ҳофизлару созандалар, аския билан даврани яйратадиган қизиқчилар, фольклор ва этнографик жамоалар, халқ ўйинлари намояндалари халқимиз хизматида.

Фарғона шаҳридаги вилоят театр-концерт саройининг байрамона безатилган майдонида каттаю кичик чинакам халқ сайли ва томошалардан баҳраманд бўлди.

Эрта тонгдан файзли хиёбон узра Наврўзи олам, фасллар келинчаги - баҳорни васф этган қадрдон ва севимли куй-қўшиқлар жаранг сочмоқда. Бир томонда сумалак ва баҳорий ноз-неъматлар, бир ёнда «Наврўз таомлари» танлови иштирокчиларининг палов, кўк сомса, кўк чучвара, ҳалим, қатлама каби дармондори таомлари ҳаётга, яшашга бўлган иштиёқингизни кучайтиради.

Халқ ўйинлари усталарининг чиқишлари гулдурос қарсаклар билан олқишланади. Миллийлик ифори уфуриб турган амалий санъат намуналари халқимизнинг яратувчанлик салоҳиятини намоён этади. Қалби ва қўли гул чеварларнинг маҳсулотлари, ҳунармандларнинг атласу адраслари, қалампирнусха Марғилон дўппиларининг сеҳру жозибаси ўзгача.

«Ўзбекистон – умумий уйимиз» шиори остида турли миллат ва элатларнинг урф-одатлари ҳамда қадриятларини тарғиб қилишга қаратилган маданий дастурлари байрамнинг барча кўнгилларга бирдек сурур бағишлашини англатади.

— Байрамда ҳаммадан ҳам кўра фарзандларимиз яйрашмоқда, — дейди фарғоналик Шуҳратжон Раҳмонқулов. — Бугунги тантанада оилавий қатнашиб, яна болаликка қайтгандай бўлдик ва энг масрур дамларни эсга оляпмиз.

Марғилонсой бўйлаб варрак учираётган шўх-шодон болалар, спорт мусобақалари, нақшинкор сўриларда аскиянинг зўридан соқоллари силкиниб қаҳ-қаҳ ураётган отахонлар... Нақадар ёқимли манзаралар! Элимизга тинчлик-омонликни ҳадя этиб, ризқ-рўзини яшил далалар узра мўл-кўл қилиб сочиб келадиган Наврўзнинг бу йилги қадамлари қутлуғ келсин, деймиз!

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер