«PROlogue» Халқаро кинфестивалида кимлар ҳакамлик қилади?
Фото: «Ўзбеккино» МА
“Халқ сўзи Online“/Ҳасан Тошхўжаев. Ёшлар ижод саройида «PROlogue» IV Халқаро кинфестивали Ҳакамлар ҳайъатининг матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда тўлиқ метражли бадиий фильмлар ҳакамлар ҳайъати аъзолари - Россия Федерацияси халқ артисти, ҳакамлар ҳайъати раиси Сергей Шакуров, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Ёдгор Саъдиев, киносценарист Рустам Абдрашев (Қозоғистон), польшалик кинорежиссёр Куба Чекай, Франция Синематикаси раҳбари Питер Скарлет, оператор Сергей Астахов (Россия), қисқа метражли халқаро ва миллий фильмларни баҳолаб борувчи ҳакамлар ҳайъати аъзолари - ўзбекистонлик иқтидорли режиссёр, ҳакамлар ҳайъати раиси Аюб Шаҳобиддинов, италиялик кинопродюсер Фабио Канепа, оператор Макс Тцуи (Германия), қирғизистонлик киношунос Гулбара Таламушова, таниқли актёр Филипп Рейнхардт (Швейцария) иштирок этди.
Матбуот анжуманида ҳакамлар ҳайъатлари аъзолари зиммаларига юклатилган вазифанинг нечоғли масъулиятли эканини тушуниб турганликлари, бор билим ва салоҳиятларини ўзларига билдирилган ишончни оқлашга йўналтиришларини айтиб ўтдилар. Шунингдек, юртимиз гўзаллиги, одамларимизнинг самимийлиги, тадбирнинг юксак даража ва савияда ташкил этилгани ҳақида ҳам алоҳида таъкидланди.
Матбуот анжумани қизғин савол-жавобларга бой кечди. Хусусан, дунё кинематографиясининг мазкур таниқли вакиллари миллий киноиндустриямиз ютуқлари, ўтказилиши режалаштирилаётган “мастер-класс”лар, ўзбек кино санъатининг жаҳон саҳнасидан мустаҳкам ўрин олишини таъминлайдиган ислоҳотлар изчиллиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг