Президент ташаббуслари ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлайди
Яқинда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги мажлисида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Унда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар чуқур таҳлил этилиб, муҳим йўналишларда таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Мухбиримиз бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал САИДОВ фикрлари билан қизиқди.
— Шанхай ҳамкорлик ташкилоти замонавий халқаро ташкилотлар тизимида ўзига хос ўринга эга. Ташкилот тузилганига кейинги йил 20 йил тўлади. Бошида 6 та давлат аъзо бўлган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 8 тага етди. Ўзбекистон ҳам ШҲТнинг асосчи давлатларидан бири саналади.
ШҲТнинг бугун дунёдаги халқаро муносабатлардаги ўрни ва ташкилотлар билан қиёслаганда бир неча ўзига хос ўлчовларга, мезонларга эгалигини кўриш мумкин. Биринчиси, бу — хавфсизлик, тинчликни таъминлашга қаратилган бўлса, иккинчи ўлчови бу — иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш саналади. Учинчиси — ШҲТ маконидаги экологик иқлим ўзгаришларига муносабат билдириш ва ниҳоят тўртинчиси — инсонийлик мезони ҳисобланади. Чунки, бундай олиб қаралса, ҳамма бу макондаги давлатлар у ёки бу давлат билан қўшнилиги ва инсонийлик алоқалари билан белгиланади. Шунинг учун ҳам Президентимиз ШҲТ маконида Халқ дипломатияси нодавлат нотижорат ташкилоти тузиш таклифи билан чиққан эди. Ва бу ташкилот ҳозирги кунда ўз фаолиятини олиб боряпти.
ШҲТнинг энг юқори органи бу — давлат бошлиқларининг учрашуви, кенгаши ёки саммити ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари бу йил тўртинчи маротаба ШҲТ раҳбарлари саммитида нутқ сўзлади. Президентимизнинг барча маърузаларини кузатиб, мантиқий солиштирадиган бўлсак, уларнинг ҳар бири давомийлиги, изчиллиги, ҳар босқичда давр талабига мос равишда жавоб бериши билан ажралиб туришини қайд этиш жоиз.
Бу йилги саммитнинг ўзига хос хусусияти пандемия сабабли, унинг онлайн — видеоконференсалоқа тарзида ўтганидир. Шунга қарамасдан, Президентимиз иқтисодий соҳада ҳозирги ШҲТ давлатлари орасида савдо-иқтисодий алоқалар кескин қисқарганлигини, ишлаб чиқариш пасайиб кетганлигини, ишсизликнинг ошиб бораётганлигини таъкидлади. Сиёсий хавфсизлик соҳасида эса ҳали кўпгина ҳудудларда сиёсий вазият кескинлашаётгани, миллатлараро ва динлараро муносабатлардаги зиддиятлар чуқурлашгани айтиб ўтилди. Мамлакатимиз раҳбари мана шу вазиятга баҳо бериб, «агар ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади», деган шиорни илгари сурди. Қолаверса, бу ҳолатда нималар қилиш кераклигига асосий эътиборни қаратди.
Энг аввало, яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантириш, тенг ҳуқуқлилик асосида ҳамкорлик қилиш, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олган ҳолда олдимизда турган муносабатларни ҳал қилишимиз мумкинлиги таъкидланди. Президентимиз шу ўринда яна бир ғояни —«Шанхай руҳи»ни тиклашимиз кераклигини илгари сурди.
Табиий савол туғилади: «Шанхай руҳи» нима? Бу, биринчидан, умумий бойлигимиз бўлган қадриятлар — биргаликда тараққиёт сари интилишни ўзида мужассам этади. Сир эмас, ҳамма давлатлар тараққиётга интилади. Давлатимиз раҳбари шуни биргаликда амалга оширишни таклиф этяпти. Иккинчидан, ҳар битта аъзо давлатларнинг маданий хилма-хиллигини, ранг-баранглигини эътиборга олиш кераклигига урғу берилди. Кўп томонлама ҳамкорликда ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ҳам, ўз навбатида, «Шанхай руҳи»ни англатади.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев олтита йўналишда аниқ ташаббусларни илгари сурди. Иқтисодий соҳа, рақамли жамиятни ривожлантириш, камбағаллик, пандемия ва эпидемиялар, касалликларни бартараф этиш бўйича ҳамкорлик, терроризм, экстремизм ва наркобизнесга қарши курашиш ҳамда афғон муаммосини ҳал қилишда ШҲТ ролига аҳамият қаратди. Шу ўринда Афғонистон бўйича янги ғояни — бу Марказий Осиё билан Жанубий Осиё ўртасида кўприк вазифасини тиклашга хизмат қиладиган транспорт йўлакларини барпо этиш кераклигини билдирди. Бу ҳам афғон муаммосини ҳал қилишда кенг ёндашувнинг бири сифатида намоён бўлди.
Президентимиз нутқининг бир нечта хусусиятлари бор. Булар — изчиллик, қатъийлик, прагматик ёндашув ва ташаббускорликдир. Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ташаббуслари чуқур танқидий-тарихий ва илмий-замонавий таҳлилга асослангани билан ажралиб туришини кўришимиз мумкин. Энг муҳими, ҳар бир ташаббусни илгари суришда Президентимиз халқаро ҳамкорларнинг манфаатларини ҳам эътиборга олишини куни кечаги нутқдаги ёндашувдан ҳам билиш мумкин.
Умуман айтганда, давлатимиз раҳбарининг ташқи сиёсий фаолиятининг асосий мақсади ва устувор йўналиши бу — Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда олға суришдан иборат. Шу нуқтаи назардан айтганда, кечаги нутқни том маънода, тарихий нутқ, деб ҳисоблайман. Бу, айниқса, ҳозирги мураккаб шароит — пандемия давридан чиқишнинг аниқ йўлларини кўрсатиш билан ажралиб туради.
Зиёда АШУРОВА ёзиб олди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг