Президент Шавкат Мирзиёевнинг Шайхонтоҳур туманидаги манзилларга ташрифидан фотожамланма

00:32 13 Май 2023 Сиёсат
2665 0

Фото: Ҳасан Пайдоев, «Халқ сўзи»

Президент Шавкат Мирзиёев аҳолининг турмуш шароитлари, бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Самарқанд дарвоза маҳалласида барпо этилган касбга йўналтириш марказида бўлди. Бу ерда ёшлар ва аёлларга савдо, маркетинг, молия, ахборот технологиялари соҳаларидаги замонавий касблар ўргатилади. Кейинчалик уларнинг юқори даромадли иш топишига ҳам кўмаклашилади.

Давлатимиз раҳбари ушбу марказдаги спорт-соғломлаштириш мажмуасини ҳам кириб кўрди. Унда ёпиқ сув ҳавзаси ва спорт зали мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг Шайхонтоҳур туманидаги иккинчи манзили нодавлат таълим муассасаси бўлди.

Минг ўринли бу мактаб инглиз тили, шарқ тиллари ва аниқ фанларни ўргатишга ихтисослашган. Муассасада ўқув ва компьютер хоналари, STEM лабораторияси, кутубхона, ошхона, спорт зали, бассейн мавжуд. Мактабдаги ўқув ва машғулотлар мамлакатимизда ёшларни камида иккита хорижий тил ва битта ҳунарга ўргатиш талабига мос. Махсус жиҳозланган хоналарда ўқувчилар тикувчилик, дурадгорлик, компьютер сирларини ўрганмоқда. Ёшларнинг қизиқишларига мос турли тўгараклар ҳам ташкил этилган.

Ўқувчилар билан мулоқотда билим энг яхши инвестиция экани, давлат ёшларнинг зўр мутахассис бўлиб, келажакда йўлини топиши учун барча шароитларни яратиши қайд этилди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманидаги Жангоҳ маҳалласида бўлди.

Мамлакатимизда қуйи тизимга қаратилаётган эътибор ушбу маҳаллада ҳам намоён. Фуқаролар йиғини биноси, кўп қаватли уйлар замонавий қиёфага эга. Майдончалар ва ички йўллар текисланиб, атрофи ободонлаштирилган. Болалар ўйингоҳи ва автотураргоҳ ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари бу ишларни кўздан кечирди. Маҳалла раиси ва вакиллари билан суҳбатлашди.

– Маҳаллада “бешлик” тизимини жорий қилиб, кенг имкониятлар бердик. Бугун улар аҳоли билан давлат ўртасида кўприк. Бу кўприк қанча адолатли, шаффоф, мустаҳкам бўлса, халқимиз шунча рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Ҳасан Пайдоев, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер