Поп туманида иккита саноат зонасига тамал тоши қўйилди
46 та лойиҳани ўз ичига олган мазкур кичик саноат зоналарида 1,5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 190 миллиард сўмга тенг.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг таъкидлашича, «Ҳазратибоб» ва «Миришкор» маҳаллаларида умумий майдони 13 гектар бўлган ҳудудда ташкил этилаётган саноат зоналари текстиль маҳсулотлари, чарм саноати, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш каби йўналишларни қамраб олган.
Бугун тамал тоши қўйилган ҳар икки саноат зонасида амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишар экан, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ш. Абдураззоқов қурилиш ишларини тезкорлик билан бошлаш, тадбиркорлар фаолиятини тезроқ йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.
–Ҳудудларда ташкил этилиши кўзда тутилаётган кичик саноат зоналари вилоят иқтисодиёти, саноати ва инфратузилмасида муҳим ўрин тутади. Поп туманида барпо этилаётган мазкур кичик саноат зоналари ҳам айни шу мақсадларга хизмат қилади.Улар ишга тушиши билан минглаб юртдошларимизнинг бандлиги таъминланади, – деди вилоят раҳбари.
Янги ишлаб чиқариш линияларига асос солиш, бўш иш ўринларини яратиш, вилоят ривожига муносиб улуш қўшиш сингари эзгу мақсадлар бугун Поп туманида 50 нафарга яқин тадбиркорни бирлаштирди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг