Поклик, муҳаббат, яхшилик каби буюк туйғулар куйчиси
Архив сурат
Абдували Қутбиддин 1960 йил 20 июнда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилди. Ота-онаси асли тошкентлик бўлиб, Шайхонтоҳур маҳалласидан, Хўжа Аҳрор Валий авлодига мансуб кишилар эди.
Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида ўқиди (1978–1983), илм-ҳофиза кўламини, тафаккур ҳадларини жаҳон тамаддуни таъсирида кенгайтирди. Меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоятининг «Зарафшон» газетасида бошлаб (1983–1985), кейинчалик Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, «Ёзувчи» нашриётида, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида олиб борди. Умрининг сўнгги кунларигача эса «Халқ сўзи» газетасида хизмат қилди.
Шоирнинг «Найсон» (1988), «Ҳумо» (1989), «Бахтли йўл» (1991) «Бор» (сайланма, 2011) каби шеърий тўпламлари, «Озодлик» номли достони чоп этилган.
Абдували Қутбиддин шеърлари содда, равон ифодалар асосига қурилганлиги билан ажралиб туради. Унинг «Бахтли йўл» тўпламига кирган «Ер қаърига», «Икки амакимга хат» каби шеърларида дунё ўткинчи, ҳамма нарса ўтади-кетади, аммо поклик, муҳаббат, яхшилик, меҳр каби буюк туйғулар қолади, деган хулоса балқиб туради.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист фахрий унвони ва «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
* * *
Субҳлар ҳўплайди патли ҳавони,
Бир кун ёлғончилик қилади апрель,
Мен сенинг келишинг ҳеч истамайман,
Бироқ кел.
Зар ип эшаяпти ёғдулар тошиб,
Зим – зиё ҳовонча эзғилайди ун.
Қавиб, тахлаб қўйди шойи кўрпани
Сен учун.
Жарангдор сочинг ҳам бўлар пўпакли,
Тиллақош топилар кўк сандиғида.
Уч газ булут кесса бўлар чимилдиқ,
Висол тоғида.
Киприкка илинган шабнам чўғдайин,
Бир кун ҳақиқатгўй бўлмади апрель.
Мен сенинг келишинг сира истамайман,
Бироқ кел.
Анбар инъом этар сенга чечаклар,
Тобе мамлакатдир сенга хуш чаман.
Мен эса чимилдиққа кираману,
Тиззангга бош қўйиб ухлаб оламан.
Суронлар чулғайди патли ҳавони,
Бир кун ўзим каби лақмадир апрель.
Мен сенинг келишинг ҳеч истамайман,
Бироқ кел…
* * *
Ичикдим. Соғиндим сени, шекилли,
Тонгим ранги сариқ, хаста кундузим.
Иҳраб қуёш чиқар, ўқчиб ой шўрлик,
Осима —
Сен кимнинг қизи!
Кўрпага буркансам, кўрпа илвирар,
Ёстиққа ёпишсам, илвирар ёстиқ.
Ўй менга сиғмайди, уй менга сиғмас,
босириқ — босириқ...
Зириллар борлигим юрсам, йўл кўнмас,
Қояга тирмашсам, пучмаяр қоя.
Қарғасам, қарғишим дуога ўхшар,
воооя...
Ичикдим. Соғиндим сени, шекилли,
Хўрлигим келтирар ғалати гина.
Нимага одамлар шод, ҳуррам, мамнун,
Бизлар одаммасми,
Осима?!
Биз биргамиз, биз ҳаммамиз
Олисларда қўнғироғин чалар карвон,
Юки оғир, йўли оғир, ларзон-ларзон,
Чақмоқларин чақиб ўтар қора осмон,
Кўкрагига муштлар урар мардимайдон —
Эр йигитлар,
Шер сингиллар, қилич-қалқон.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Қоя чўкар, Алпомишнинг наърасидан,
Сойлар сакрар адирларнинг орасидан,
Қарға қўнмас Барчинларнинг тиззасига,
Ҳаёт суви мангу она кўзасида.
Эр йигитлар,
Шер сингиллар шевасида:
Қани бирга, биз биргамиз,биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Куйдиргани зулмат билан юрди қанча
Болта ўйнаб от устида янчиб-янча,
Сув тубидан ўтлар чиқди кўк қошига.
Эр йигитлар,
Шер сингиллар кўз-қошидан
Ўқлар сачрар, ёйлар сачрар ёв бошига.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Дунё ухлар, кун мудрарди ҳисоб билмай,
Ўтди давру давронлари китоб билмай,
Хоразмда саноқ чертди аждодларим,
Руҳ ва қалбга сабоқ берди устодларим.
Илми урфон
номи Турон,
Эр йигитлар,
Шер сингиллар
Қаздилар кон.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Бизлар киммиз, туркийларнинг аслиданмиз,
Соҳибқирон Амир Темур наслиданмиз,
Кубро ҳам биз, Баҳоуддин Нақшбандмиз,
Марғиноний, қадим тарих — Самарқандмиз.
Гар Насафда нафас олса эр йигитлар,
Андижонда кашта тикса шер сингиллар,
Нафасидан ҳатто қишлар исиб кетар,
Каштасига бутун олам сиғиб кетар.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Юртнинг усти Устюртмиди, шамол — шоқол,
Ув дедими, туз қўзғалар — бирваракай.
Нукус — қалъам, ҳам юракда тенгсиз лолам,
Эй, онажон Бердаққа айт,
Қалбидир най.
Эр йигитлар, шер сингиллар,
Ашъор тингланг.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Ўзим шоҳид Мотуридийнинг хобгоҳида,
Мусичалар учиб келар тиловатга.
Бухорийнинг ҳар эрталаб даргоҳига
Кабутарлар бошин эгар ҳаловатдан.
Бу қай ошён,
Гўзал имон — паноҳида,
Эр йигитлар, шер сингиллар —
Нигоҳида —
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Азим Тошкент қад ростлади паҳлавондай,
Тожу тахтим кўз-кўз қилиб бу жаҳонга,
Туғромизни тумор айлаб эшик очди,
Ер юзига буюкликдан сўзлар сочди,
Подшо шаҳрим,
Гард юқмасин жамолингга,
Эр йигитлар,
Шер сингиллар саф тортишар,
Озодликнинг майдонида
Аҳд айлашар.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Олтин водий ҳалқасида уч гавҳарим,
Сирдарёда сир бермаган моҳпайкарим,
Бахмалини тўшаб қўйган Жиззахни кўр,
Какликлардан Зомин ҳақда қўшиқлар сўр,
Эр йигитлар,
Шер сингиллар,
Бўлинглар жўр:
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан.
Дуру маржон, боғу бўстон, Ўзбекистон,
Кўзим нури мусаффо тонг, Ўзбекистон,
Сажда этдим дуо сўраб, бобо юртим,
Ҳар лаҳзада ризо сўраб, момо юртим,
Эр йигитлар, шер сингиллар,
Қўл кўтарди,
Она, инон,
Ота, инон.
Қани бирга, биз биргамиз, биз — ҳаммамиз,
Азиз Ватан, жоним Ватан, шоним Ватан...
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг