Покистон бир ҳафта ичида 30 минг нафарга яқин афғонни мажбуран Афғонистонга қайтариб юборди
Фото: tolonews.com
Сўнгги етти кун ичида тўрт мингга яқин афғон муҳожирлари оилалари Покистон ҳукумати томонидан Афғонистон — Покистон чегарасидаги “Торхам” назорат-ўтказиш пункти орқали мажбурий депортация қилинган.
Бу ҳақда “Tolo News” хабар бермоқда. Ўз навбатида, назорат-ўтказиш пункти жойлашган Афғонистоннинг Нангарҳор вилояти маҳаллий маъмурияти ҳам Покистон афғон муҳожирларини депортация қилишни фаоллаштирганини билдирди.
“Охирги етти кун ичида “Торхам” назорат-ўтказиш пункти орқали тўрт минг оила, жами ўттиз мингга яқин киши Афғонистонга депортация қилинди. Уларнинг сони бўйича кунлик рақамлар сканернинг ишламай қолиши, йўлларнинг ёпилиши ёки бошқа муаммолар каби турли омиллар туфайли ўзгариб туради”, — дейди “Бахт” назорат-ўтказиш пункти муҳожирларни ташиш хизмати раҳбари Жамол Гоҳар.
“Торхам”даги муҳожирларни вақтинча фильтрлаш лагери раҳбари Муҳаммад Ҳошим Майвандвалга кўра, Афғонистон депортация қилинганларни барча зарур нарсалар билан таъминламоқда.
“Озиқ-овқат қўмитаси муҳожирларни озиқ-овқат билан таъминлайди, молиявий қўмита уларга пул ажратади, транспорт қўмитаси эса уларни доимий яшаш жойларига етказади ва транспорт харажатларини тўлайди. Бундан ташқари, уй-жой қўмитаси уларнинг лагерда уюшган ҳолда бўлишини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўради”, — деди Майвандвал.
“Tolo News” хабарига кўра, бир кун аввал Афғонистон Қочқинлар ва репатриация вазирлиги раҳбари Абдул Кабир Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерациясининг Афғонистондаги раҳбари Аҳмад Сулим ва Халқаро Миграция Ташкилотининг Афғонистондаги миссияси раҳбари Миҳан Пак билан алоҳида учрашувлар ўтказган. Мулоқотларда ҳар икки ташкилот вакиллари афғон муҳожирларини узоқ муддатда қўллаб-қувватлашларини билдирган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг