Пойтахт Солиқ бошқармаси бош инспекторига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

12:30 19 Ноябрь 2025 Жамият
276 0

Фото: ДХХ

Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси бош инспекторига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан Сурхондарё вилоятида рўйхатдан ўтган МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқмоқда.

Жиноят кодексининг 167 ва 184-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган тафтиш давомида МЧЖга нисбатан қўшимча 8,7 млрд сўм солиқ ҳисобланади.

Шундан сўнг, жорий йилнинг 15 сентябрь куни суд томонидан мазкур МЧЖда қайта тафтиш ўтказиш бўйича ажрим чиқарилгач, Тошкент шаҳар Солиқ бошқармасининг Солиқ аудити бўлими бош инспектори қайта тафтиш давомида ушбу қўшимча солиқни бекор қилиб беришини айтиб, эвазига МЧЖ вакилларидан 5 минг доллар олган.

Аммо, бош инспектор дастлабки тафтишда ҳисобланган қўшимча 8,7 млрд сўмлик солиқни тўлиқ бекор қилишни уддалай олмагач, муқаддам олган пулларини МЧЖ вакилларига қайтариб берган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер