Пиллачиликда илмий ёндашув ўз натижасини бермоқда
Фото: Халқ сўзи
Пиллачиликда озуқа манбаи саналган тут дарахтларини кўпайтириш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шунга кўра республикамизда тут плантациялари майдонини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Жорий йилнинг баҳор мавсумида 70 млн туп тут кўчатлари экилгани ҳолда бу кўрсаткич куз мавсумида яна 53 млн тупга ортиши режалаштирилган. Бунда юқори навли кўчатларни танлаб олиш келгусида мўл ҳосил йиғиш имконини беради. Қувонарлиси шундаки, тут майдонларига экилаётган кўчатларнинг барчаси маҳаллий шароитда тайёрланмоқда.

— Маълумки, пиллачилик соҳаси бўйича Ўзбекистон дунёда учинчи ўринда туради, — дейди Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги «Ипак» тутчилик кластери раҳбари Абдуфаттоҳ Мусулмонқулов. — Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Пиллакорларга яратилаётган шароит ва имкониятлар кўлами тобора ортди. Эндиги вазифа фаолиятга илмий жиҳатдан ёндашиб, янада юқори кўрсаткичга эришишдан иборат. Ана шу мақсадда кластеримизда дунёнинг 18 давлатидан олиб келинган 240 турдаги тут кўчатлари парваришланмоқда. Уларни маҳаллий шароитга мослаштириш, янги навларни яратиш борасида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда кластеримизда тутнинг иккита янги нави яратилди ва улар серҳосил, касалликка чидамли бўлгани боис пиллачикликда ижобий натижа бера бошлади. Масалан, «Марҳамат-2017» навини олайлик. Унинг барги йил давомида қотиб қолмаслиги боис бир йилда тўрт мартагача пилла ҳосилини олиш имконини беради. Оқсилга бой ва жуда серҳосил. Ҳар қандай об-ҳаво шароитига чидамли.
Марҳамат туманида соҳага илмий ёндашув нафақат янги навларни яратишга сабаб бўлмоқда, балки юқори кўрсаткичларга эришиш учун ҳам қулай муҳитни шакллантирмоқда. Оддий мисол, авваллари тут кўчатларини етиштириш учун кенг дала майдонлари керак бўлган бўлса, айни пайтда бунинг учун инвитро лабораториясининг ўзи кифоя. Лаборатория шароитида ҳар 21 кунда 600 минг туп тут кўчатлари тайёрланиб, мамлакатимиздаги мавжуд плантацияларга етказилаётгани иқтисодий самарадорликни оширмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг