Пастдарғомда судья 300 доллар пора билан қўлга тушди
Пастдарғом туманида судья пора билан ушланди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.
Унда айтилишича, Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Прокуратура органлари ва Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш йўналишида тезкор тадбир ўтказган.
Унда фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг судьяси 300 АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Аниқланишича, мазкур туман судининг 2022 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан, 1989 йилда туғилган аёлнинг 2022 йилда туғилган фарзанди вояга етгунига қадар жавобгар ҳисобланган – 1983 йилда туғилган фуқародан алимент ундириш белгиланган.
Аммо, жавобгар томон ушбу қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисида ФИБ Пастдарғом туман судига ариза билан мурожаат қилган. Судья эса ўз иш юритувига келиб тушган ушбу аризага асосан, жорий йилнинг 27 февраль куни суднинг 2022 йилдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни мазмунан қайта кўришни 11 март кунига тайинлаган.
Шунингдек, у ишни даъвогарнинг фойдасига ижобий ҳал этиб бериш эвазига ундан 300 АҚШ доллари талаб қилган. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан судьяга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг