Парламент комиссияси оқова сув ва муқобил энергия масалаларига эътибор қаратди
Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда барқарор ривожланиш соҳасидаги ишлар, жумладан кўп қаватли уйлар, маиший-хўжалик ва саноат корхоналаридан чиқадиган маиший оқова сувларини тозалаш (БРМ 6.3-вазифаси) бўйича Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида олиб борилаётган ишлар ҳолати кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Тошкент вилоятининг 16 та туман ва шаҳрига 9 та, Тошкент шаҳрининг 12 та туманига 3 та оқова сув тозалаш иншоотлари хизмат кўрсатади. Ушбу иншоотлардан 7 таси иш самарадорлиги бўйича талабга жавоб бермайди.
Тозалаш иншоотларидан табиий муҳитга оқизилаётган оқова сувлардаги зарарли моддалар белгиланган меъёрдан ортиқдир. Масалан азот аммоний 2-3 марта, фосфоритлар 7 марта ва муаллақ моддалар 1,5 мартагача кўп.
Шунингдек, Парламент комиссияси ишчи гуруҳи томонидан Андижон ва Қашқадарё вилоятларида энергия самарадорлигини кучайтириш ва муқобил энергия манбаларини жорий қилиш (БРМ 7-мақсади) бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати бўйича ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Андижон вилоятида ижтимоий соҳа объектларида 10300 кВт қувватли қуёш панеллари, 9 минг литрли қуёш сув иситиш ускуналари, тадбиркорлик субъектларида 5629 кВт қувватли ва аҳоли хонадонларида 10961 кВт қувватли қуёш панеллари, шунингдек, 25,9 минг литрли қуёш сув иситиш ускуналари ўрнатилган.
Қашқадарё вилоятида эса 1242 та объектда умумий қуввати 12,9 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр панеллари, 8,1 минг литрли гелиоколлектор, 193 та тадбиркорлик субъектига 6,2 МВт ва 761 та аҳоли хонадонига 1,6 МВт қувватли қуёш панели ҳамда 4,8 минг литрли гелиоколлектор ўрнатилган.
Ўз навбатида, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларининг сустлиги ҳамда нархларнинг юқорилиги оқибатида Андижон вилоятидаги аҳоли хонадонларида 28800 кВт ўрнига 10961 кВт (режага нисбатан 38 фоиз), Қашқадарё вилоятида 7400 кВт ўрнига 1871 кВт (режага нисбатан 25 фоиз) қуёш панеллари ўрнатилган, холос.
Қолаверса, Қашқадарё вилоятидаги 691570 та аҳоли хонадонида энергия тежовчи лампалар ўрнига қарийб 1 млн 245 минг дона чўғланма лампалардан фойдаланиб келинмоқда. Бунинг натижасида йилига 60,3 млрд сўмлик 204 млн кВт электр энергияси тежалмай келинаётгани қайд этилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклиф ва кўрсатмалар берилиб, аниқ вазифалар белгиланди.
Жумладан, ер ости сув манбалари сувининг сифати ҳолатини мунтазам кузатиб бориш, улардаги сув сифати ўзгарганлиги ҳамда ишлатилган сув миқдори ҳақида таҳлил қилиб бориш, ичимлик суви сифатида фойдаланиладиган муқобил сув манбаларини (булоқ, қудуқ, ҳовуз, ер ости сувлари ва бошқалар) қайта рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг захираларини прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқиш каби вазифалар белгиланди.
Шунингдек, “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш, республикага импорт қилинаётган қуёш панеллари нархларини таҳлил қилиш, ушбу маҳсулотни аҳоли учун қулай нархларда харид қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан қатор вазифалар топширилди.
Муҳокама якунида Парламент комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг