Паркентда айиқ тушиб келган ҳудуд доимий назоратга олинди

17:32 02 Октябр 2023 Жамият
279 0

Тошкент вилояти Экология бошқармаси Паркент тумани бўлимига 2023 йилнинг 21 сентябрь куни соат 09:30 ларда Паркент туманининг тоғли қишлоқларидан бири  бўлган “Сўқоқ” қишлоғининг “Тосар” ҳудудидаги “Сўқоқ Лазиз Соли” фермер хўжалиги ер майдонларига 20 сентябрь куни тунда Тян-Шан қўнғир айиғи келиб қолганлиги ҳақида мурожаат келиб тушди. 

Таъкидлаш керакки, 2023 йилда қиш фасли совуқроқ келганлиги сабабли тоғли ҳудудлардаги айрим мевали дарахт ва буталарни совуқ уриб, ҳосил жуда камайиб кетган. Натижада айиқ озуқа излаб, аҳоли яшаш пунктига тушиб келган ва фермер хўжалигига тегишли бўлган 14 бош қўйдан 2 тасини олиб кетган. Бир бош қўй ярадор қилинган.

Мурожаатга асосан Тошкент вилояти Экология бошқармаси Паркент тумани бўлими ходимлари ва “WILDLIFE” зопитомниги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига бориб, ҳолатни ўрганди. Ўрганиш натижасида “Сўқоқ Лазиз Соли” фермер хўжалиги ер майдонида қўйларга мўлжалланган қўра ёғочлари синганлиги маълум бўлди. 

Ушбу ҳудудда дала шийпонларида яшовчи 4 та оила 30 дан ортиқ қора мол, қўй ва эчкилари билан бирга ўзларининг яшаш хонадонларига кўчириб юборилди. 

21 сентябрьдан бошлаб айиқ тушиб келган ҳудуд Паркент тумани Экология бўлими, “WILDLIFE” МЧЖ ходимлари ҳамда Паркент тумани ИИБ нозирлари томонидан доимий назорат қилинмоқда. Ҳозирча ҳеч қандай айиқ ёки бошқа ёввойи ҳайвонлар кузатилмади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер