«Париж-2024» Олимпиадасининг очилиш маросими Сена дарёси бўйида ўтказилмаслиги мумкин
Архив сурат
Жорий йилда Франция пойтахти Париж шаҳри ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақаси – ёзги Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилади.
Ташкилотчилар ва Халқаро Олимпия қўмитасининг қарори билан Олимпиада ўйинларининг очилиш маросими ўз тарихида илк бор стадионда эмас балки, Сена дарёси бўйида ўтказилиши режалаштирилган.
«Daily Mail» нашрининг хабар беришича, мусобақанинг очилишида 45 мингга яқин полициячи сафарбар этилишига қарамай, хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар пайдо бўлмоқда.
Манбага кўра, Олимпиада ташкилотчиларидан ўз режаларидан воз кечиб, очилишни анъанавий тарзда ўтказиш сўралган. Баъзи Олимпиада қўмиталари эса ўз спортчиларини хавфсизлик нуқтайи назаридан очилиш маросимига боришдан бош тортишга чақирмоқда.
Франция ҳукумати террорга қарши огоҳлантириш даражасини март ойида Москвадаги концерт залида содир этилган терактдан кейинги энг юқори даражага кўтарди. Ўшандан бери террор гуруҳлар футбол бўйича Европа чемпионлар лигаси чорак финали ўйинларида, жумладан, Парижда терактлар уюштириш билан таҳдид қилди.
Қайд этилишича, Олимпиада ташкилотчилари очилиш маросимини пойтахтда жойлашган Франциянинг энг йирик стадиони – «Стад де Франс»га кўчириши мумкин.
Бироқ ташкилотчилар ва Халқаро Олимпия қўмитасининг бу борадаги қарори ҳозирча номаълум.
Олимпиада ўйинлари 26 июль – 11 август кунлари бўлиб ўтади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг