Памела СПРАТЛЕН: «Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақадаги ташаббуслари ва фаоллигини қўллаб-қувватлаймиз»
Ўтаётган сўнгги икки йилда Ўзбекистон ташқи сиёсати принципиал жиҳатдан мутлақо янгича қиёфа касб этди. Мазкур стратегик фаолият минтақада яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик муҳитини чуқур қарор топтириш, узоқ-яқин давлатлар билан тинчлик, дўстлик, ҳар томонлама конструктив сиёсий мулоқот ҳамда прагматик иқтисодий ҳамкорлик олиб боришдек халқпарварлик, тинчликсеварлик мезонларига асосланади.
Зеро, ташқи сиёсатга бундай ёндашув бугун ва келажак нуқтаи назаридан улкан тарихий аҳамиятга эга бўлиб, нафақат сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалар тараққиётини юксак босқичга олиб чиқади, балки халқларимиз дунёқараши, тафаккурини мутлақо ўзгартириб, ўзаро муносабатларда мустаҳкам ишонч муҳитини шакллантиради. Таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон ташаббуслари минтақа сиёсий ҳаётига янгиланиш нафасини олиб кираяпти.
Эътиборлиси, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳам ана шундай тамойиллар асосида изчил суръатларда ривожланаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу давлат раҳбари Дональд Трамп билан учрашуви, телефон орқали мулоқоти, энг долзарб масалаларда ўзаро фикр алмашилгани, АҚШ томонидан Ўзбекистоннинг минтақадаги, жумладан, Афғонистон бўйича ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.
АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен билан уюштирган суҳбатимизда бу борадаги ҳамкорлик алоқалари, унинг истиқболлари, минтақавий масалаларда ўзаро муҳокамаларни чуқурлаштириш каби йўналишлар ҳақида сўз борди.
— Келинг, суҳбатимизни кейинги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқалари қандай суръатларда ривожланиб бораётгани хусусида бошласак.
— Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўзаро манфаатдорлик ҳамда ҳурматга асосланган кенг кўламли, икки томонлама муносабатларга эга. Биз мамлакатнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳамиша қўллаб-қувватлаб келамиз. Ҳукуматимизнинг мазкур мамлакатга эътибори ортгани ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган сиёсат шарофати билан ўзаро фойдали масалаларда ҳамкорлик қилиш бўйича катта имкониятларни кўраяпмиз.
Булар мамлакатингиз раҳбари томонидан иқтисодиёт, суд тизими, қонун устуворлиги, соғлиқни сақлаш ва фуқаролик жамияти жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг кенг йўналишларини қўллаб-қувватлашга оиддир. Биз Ўзбекистон ўз иқтисодиёти ва сиёсий тизимини модернизация қилишда давом этишига умид билдирамиз. Айни чоғда Ўзбекистоннинг яқин қўшнилари билан ўзаро алоқалари, хусусан, Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлаш ҳамда трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш бўйича ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз.
— Интервьюларингиздан бирида ҳозирги Ўзбекистон ғайратга тўла эканлигини эътироф этган эдингиз. Сизнинг фикрингизча, бу айнан нималарда кўринади?
— Ўзбекистон — меҳмондўст инсонлар яшайдиган ёш, куч-ғайратга тўла давлат. БМТ Тараққиёт дастури маълумотларига кўра, бу ерда истиқомат қилувчи аҳолининг 58,5 фоизи ҳали 30 ёшдан ошмаган. Бинобарин, инсон капитали мамлакатнинг энг катта ресурсларидан бири экан, ўйлашимча, мазкур статистика фақат бир нарсадан, у ҳам бўлса давлатингизнинг келажакдаги салоҳиятли қувватидан далолат беради! ўайрат ва салоҳиятнинг бошқа манбалари сифатида эса географик жойлашув ҳамда буюк тарих ҳисобланади. Айримлар денгизга чиқиш йўлларидан икки давлат ҳудуди сабаб узоқда жойлашган мамлакат фойда кўрмайди, деб ҳисоблайди. Лекин Ўзбекистон минтақадаги барча мамлакат билан чегарадош бўлган Марказий Осиёнинг ягона давлати сифатида бундан фақат ютади.
Америка Қўшма Штатлари Жанубий ва Марказий Осиё минтақаси билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келади. Бу Ўзбекистон ва бутун минтақада иқтисодий ўсиш ҳамда аҳоли турмуш даражасини ошириш ҳисобига ушбу мамлакат салоҳиятини рўёбга чиқаришда калит вазифасини бажариши мумкин. Айни чоғда Ўзбекистондаги қадимий Буюк Ипак йўлининг диққатга сазовор жойлари туризм ва маданий алоқаларни ривожлантириш бўйича катта истиқболларни тақдим этади.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий масалалар ечимидаги роли ҳамда ташаббуслари ҳақида қандай фикрдасиз?
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёдаги ҳар бир давлатга ташрифи савдо-сотиқ, маданий алоқалар ва умумий иқтисодий тараққиётда янги имкониятларни очиб берди. Ўзбекистон ўз қўшнисига чегараларни демаркация қилиш муаммосига ечим топиш, савдо ва транспорт коридорлари яратиш, сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича келишмовчиликларга чек қўйиш ҳамда Фарғона водийси аҳолисига чегаранинг у ёғидаги қўшни давлатга бориш учун шароитлар яратиб бериш бўйича мурожаати ҳозиргача биз кузатиб келаётган энг муҳим қадамлардандир. Биз бундай ташаббусларни эътироф этган ҳолда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақадаги фаоллигини олқишлаймиз.
— Биласиз, 26-27 март кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президентига АҚШ Президенти мактуб йўллади. Унда, жумладан, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп томонидан Ўзбекистон Президентининг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари катта муваффақиятлар келтиргани алоҳида таъкидлаб ўтилган. Бу борада ўз фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
— Аввало, айтиш керакки, ўтган йил сўнгида Президентлар Трамп ва Мирзиёев телефон орқали мулоқот қилишди. Улар суҳбат давомида минтақавий хавфсизлик, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги роли ҳамда унинг Президент Трампнинг Жанубий Осиёга нисбатан стратегияси ва АҚШнинг Афғонистон бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши муҳокама қилинди. Президент Трамп Ўзбекистоннинг савдо-сотиқни кенгайтириш ҳамда террорчилик хуружлари бўйича хавфсизликни ошириш учун шароитларни ислоҳ этишга қаратилган интилишларини эътироф этди. Ўз навбатида, АҚШдаги юқори мартабали давлат мулозимлари, хусусан, икки нафар Давлат котиби биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан хавфсизлик ва юксалишни таъминлаш мақсадида Америка Қўшма Штатлари ҳамда Марказий Осиёдаги бешта мамлакатни бирлаштирадиган “C5+1” шаклида ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб боришга чақирди. Зотан, АҚШ Ўзбекистон билан ишончли шерик бўлиб турибди. Биз ҳукуматларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни юқори баҳолаймиз. Афғонистон раҳбарияти ва афғон томони иштирокида ушбу мамлакатдаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз ҳамда Президентимизнинг Жанубий Осиёга нисбатан янги стратегияси Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватланганини юксак даражада эътироф этамиз.
— Афғонистон бўйича Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро конференция ушбу давлатдаги вазиятни барқарорлаштиришда қандай роль ўйнаши мумкин?
— Ўзбекистон Афғонистонда барқарорлик ҳукм суришини қўллаб-қувватламоқда ва унинг келажагида муҳим роль ўйнайди. Бизнинг ҳозирги ҳамда келгусидаги ҳамкорлигимиз Ўзбекистон ва унинг барча қўшниси, шу жумладан, Афғонистонга фойда келтирадиган минтақавий ёндашувларга туртки бўлиши мумкин. Яна бир бор таъкидлашни истардимки, Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё бўйича стратегия доирасида Афғонистондаги саъй-ҳаракатларимизга қўшаётган ҳиссасини муносиб баҳолаймиз ҳамда хавфсизликка солинаётган реал трансмиллий таҳдидларга қарши курашишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш тарафдоримиз.
Саиджон МАХСУМОВ
суҳбатлашди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг