«Пахтакор» маҳалласининг тажрибаси ўрганилди
Олий Мажлис Сенати Раиси Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида Сирдарё туманида жойлашган «Пахтакор» маҳалласида «маҳалла еттилиги»нинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя чораларини кучайтиришга қаратилган ишларни амалга ошириш баробарида ишсиз фуқароларга кредитлар ажратилиб, янги кичик бизнес лойиҳалари йўлга қўйилгани таъкидланди.
«Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» орқали аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, «Аёллар дафтари»даги 140 нафар хотин-қиз ва «Ёшлар дафтари»даги 14 нафар ёшга давлат томонидан субсидиялар ажратилган. Шунингдек, 12 нафар аёл ва 2 нафар ёш имтиёзли кредитлар орқали ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган.
Маҳаллада иқтисодий фаолликни ошириш мақсадида 85 та маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари, шунингдек, 4 та тикувчилик ва 2 та қандолатчилик цехи ташкил этилган. Бу каби кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмалари аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Сенат ишчи гуруҳи бундан ташқари, вилоят «Ҳунармандлар маркази»да ҳунармандлар ва фаол аёллар билан ҳам учрашди.
Очиқ мулоқот давомида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш мақсадида ҳудудларда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, бу жараённи қўллаб-қувватлашга давлат сиёсати даражасида қаралаётгани таъкидлади.
Шунингдек, жойларда аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга доир янги имконият ва механизмлар ишлаб чиқилаётгани ҳақида фикр юритилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг