Пахтачилик иқтисодиётнинг эркин тармоғига айланмоқда

13:27 16 Август 2024 Сиёсат
572 0

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров билан суҳбат.

Давр шиддаткор. Бугунги янгиланишлар ақлни шошириб қўйяпти. Юртимизда кечаётган ҳаётий ислоҳотлар эса мамлакатни, одамларни ва юрт жамолини шунчалик ўзгартириб юбордики, эртага эмас, бугун яхши яшаш керак деган тамойил том маънода ўзини оқлай бошлади. Аммо тан олиш керак, глобаллашув жараёни, дунёдаги турли зиддиятлар, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат етишмовчилиги, чўлланиш, қурғоқчилик ва деградация каби хавф-хатарлар янги-янги инновациялар устида бош қотиришга ундамоқда. Бунга албатта, сув тақчиллиги, иқлим ўзгариши каби омиллар сабабчи бўлмоқда. Бу каби муаммолар гирдобида эсанкираб қолишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки ҳамма нарсанинг ҳам йўлини топса бўлади. Юртимиз мисолида айтадиган бўлсак, имкониятларимиз кўлами жуда кенг ва ундан самарали фойдалансак, албатта, марра бизники.

Пахтачилик мамлакатимизда етакчи тармоқлардан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда бу соҳада катта ўзгаришлар юз берди. Кластер тизими йўлга қўйилгани эса нафақат ҳосилдорликни ошишига, балки толани ҳаммасини ўзимизда қайта ишлаш имкониятини яратди. Бугун эса янги навлар яратиш, хорижий серҳосил пахта навларини экиб, ўзимизда тажриба ўтказиш, хуллас, ҳар гектар ердан олинадиган ҳосилдорликни икки карра оширишдек, вазифалар қўйилмоқда. Бу йўналишда олиб борилаётган тадқиқот ва изланишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров фикрлари билан қизиқдик.

— Алишер Неъматуллаевич! Мажбурий меҳнатга чек қўйилганидан сўнг «энди пахтани ким теради?» деган ҳадик ҳам пайдо бўлганди. Эндиликда ғўзани машинабоп қилиб ўстириш, бунинг учун хориж тажрибасидан фойдаланиш, чет эл пахта навларини олиб келиб экиш ишларига эътибор қаратиляпти. Айтингчи, хориж навлари агротехнологиясини ўзимизда ўзлаштиришга қандай эътибор қаратилмоқда?

— Гапингиз рост, ўша йиллари пахтачилик ўқувчи, ўқитувчи, тиббиёт ходими, талаба, қўйингки, бюджетдан маош оладиган барча ташкилот ва корхоналарнинг «тажриба майдони»га айланиб қолганди. Одамларнинг кўзига пахта худди оловдек кўринарди. Пахтадан қўрқишарди, ундан қочишарди. Лекин теримга чиқмаган, қочган талаба ўқишдан, ходим ишдан ҳайдаларди. Алал-оқибат ўқувчи, талаба саводсиз, ходим ишга лаёқатсиз бўлиб, жамиятни инқироз бўсағасига олиб келган эди. Нега бундай деяпман, негаки, пахтага ёталай кетган ёшлар китоб ўқишдан, театрга боришдан ёки музейларга саёҳат қилишдан мосуво бўлишарди. Энг ачинарлиси, ёшгина болаларни турли касалликка чалинишга гирифтор қилардик. Бугун пахтани ким теряпти? Асосан кўнгиллилар, лекин яхши ҳақ эвазига ишлаяпти. Мақсад — пахтанинг асосий қисмини машиналарда териб олишга қаратилган. Бунинг учун эса ғўзани машинабоп қилиб ўстириш устида иш олиб борилмоқда.

Бир гектар пахта майдонига биз қанча харажат қилаётган бўлсак, хорижда ҳам шундай. Аммо чет элда биздагидан кўра, икки карра кўп ҳосил олинмоқда? Нега шундай? Еримиз унумдор бўлса, деҳқонларимиз тажрибакор. Гап навда, унинг серҳосиллигида. Шунинг учун Президентимиз тавсияси билан хориж навларини ўзимизда синаб кўряпмиз. Хитойдан пахтачиликда илғор саналган 15 дан ортиқ компаниядан 18 хил нав 2,4 минг тонна уруғлик чигит олиб келиб экилди. Агротехник тадбирларни қўллаш, илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш учун хориждан мутахассислар жалб этилди. Илмий-инновация йўналиши ҳақида айтадиган бўлсам, Ўзбекистон пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти томонидан Хитой пахтачилик илмий тадқиқот институти билан ҳамкорликда Ўзбекистон—Хитой пахта чигитларини намуналарини алмашиш бўйича лойиҳа амалга оширишмоқда. Унинг негизида 500 минг доллар миқдоридаги коллекцион ва селекцион намуналарни алмашиш бошланган.

— Пахта хомашёсига давлат буюртмасини бекор қилиниши, қатъий нарх белгилаш амалиётидан воз кечилиши, бозор муносабатларига мос кластер тизимининг ташкил этилиши фермерлар манфаатдорлигини ошишига хизмат қиляптими?

— Биласизми, илгари фермерлар етиштирилган пахтани давлатнинг ўзи териб олади, деган тушунча билан яшаган. Чунки уларда манфаатдорлик кам эди. Пахтанинг харид нархи қилинган харажатга қарамасдан белгиланган. Фермер дала четига боғлаган бир-иккита қорамоли ёки ғўзапоясидан даромад олган, холос. 2023 йил 26 январда Президентимизнинг «Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва шу каби кўплаб қарорларда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш, пахта хомашёсини етиштирувчи ва уни қайта ишловчи корхоналар фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш чоралари белгилаб берилди. Шунингдек, пахта хомашёсига давлат буюртмасини бекор қилиниши, қатъий нарх белгилаш амалиётидан воз кечилиши, соҳада хўжалик юритишнинг бозор муносабатларига мос янги кластер тизимини жорий этилиши, пахта етиштирувчи ва харид қилувчилар ўртасида шартномавий муносабатларни такомиллаштирилиши маҳсулот етиштирувчилар ва харид қилувчиларнинг моддий манфаатдорлигини оширди.

Пахта ҳосилдорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий қилиш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишларини йўлга қўйиш орқали пахта-тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажмлари ва даромадни ошириш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 7 июлдаги «Пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий қилишнинг қўшимча ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Пахтачилик кенгаши ташкил этилди.

Соҳада замонавий агротехнологияларни қўллаш ва уруғчилик тизимига эркин бозор механизмларини жорий этиш орқали ҳосилдорликни кескин ошириш, пахта хомашёсини етиштиришда илмий-инновацион ёндашувларни қўллашни кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадида Президентимизнинг 2023 йил 15 декабрдаги «Пахтачиликда уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳамда пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2024 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида юқори ҳосилдор хорижий ғўза навлари ва дурагайларини республикага олиб кириш ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари тасарруфидаги пахта экиладиган 96,1 минг гектар майдонларнинг 10 фоизигача жойлаштиришга рухсат берилди.

— Аммо, ер, иқлим ҳар хилда. Бизнинг иқлимга мос келадиган навларни топиш осон бўлмагандир?

— Тўғри айтасиз, бу йўналишда соҳа олимлари билан жуда кўп изланиш олиб бордик. Биргина мисол жорий йилнинг ўзида Давлат раҳбарининг топшириғига асосан илк маротаба пахта уруғчилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги кластер ва фермер хўжаликлари таклифларидан келиб чиқиб, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Исроил, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларидан тажриба-синов тариқасида юқори ҳосилдор, касаллик ва зараркунандаларга бардошли, тола сифати юқори 2,4 минг тонна 18 та хорижий ғўза навлари ва дурагайлари олиб келинди ва 96,1 минг гектар майдонларга экилиши таъминланди. Россия Озарбайжон Қозоғистон Тожикистон Афғонистон ва Жанубий Африка Республикаларига 928 тонна пахта уруғи экспорт қилинди.

Бугунги кунда Республика бўйича экилган хорижий ғўза навлари қатор ораларида культивация ўтказиш, чуқур ишлов бериш, ўғитлаш ва суғориш агротехник тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу йилги шароитда зараркунандалар ва касалликлар кўп бўлиши кузатилди, уларга қарши биологик курашни қўллаш ишлари олиб борилмоқда. Ғўзани сўрувчи (ўргимчаккана) ва кемирувчи (кўсак қурти) зараркунанда ҳашоратлардан ҳимоялаш бўйича профилактик ва биологик курашиш ишларини самарали ўтказиш, уларни бардошлигини ошириш, ўсиб, ривожланишини тезлаштиришда «Узгуми», «Фитовак», «Байкал», «Гумимакс» биостимуляторларидан фойдаланиш, қўшимча озуқа сифатида карбамиддан тайёрланган 5 фоизли суспензиялар билан барг орқали озиқлантириш (ғўза ҳолатига қараб 6-8 кг/га, кейингиларида 10-15 кг/га эритма тайёрлаб сепиш) тадбирларини барча далаларда амалга оширилди.

— Ўзимизнинг маҳаллий ғўза навлари ҳам дунёда эътироф этилган, шундай эмасми?

— Фикрингизга қўшиламан. Ҳақиқатда мамлакатимиз дунё пахтачилигида энг тезпишар ғўза навлари селекцияси бўйича етакчилик қилиб, бугунги кунда ғўзанинг «С-8290», «Наманган-77», «Ан-Баёвут-2», «Бухоро-102», «Омад», С-4727, «Андижон-35», «Султон» каби тезпишар навлари республикамизнинг кенг майдонларига экилиб келинмоқда. Шунинг билан биргаликда, тола сифат кўрсаткичларининг юқорилиги, рангининг оппоқлиги, майинлиги, тола узунлиги, пишиқлиги ва микронейри бўйича ҳамда юқори сифатли ип-калава тўқилиши, майин газламалар ишлаб чиқарилиши жиҳатидан ҳам Ўзбекистонда етиштирилаётган ғўза навлари дунё бозорида ўз ўрни ва юқори мавқега эга. Жумладан, ғўзанинг «Бухоро-6» нави тола сифати бўйича Англиянинг Ливерпул биржасида Олтин медалга сазовор бўлган ва дунё пахта толаси сифати учун эталон-андаза сифатида қабул қилинган. Шунингдек, С-6524, «Наманган-77» ва «Ан-Баёвут-2» навларининг тола сифати ҳам энг юқори кўрсаткичларни намоён этиб, хорижлик харидорларни ўзига жалб этиб келмоқда.

Лекин, бугунги кунда дунёда Хитой Халқ Республикаси ғўза парваришида етакчилик қилиб, ҳар бир гектардан 6-8 тоннагача яъни 60-80 центнер ҳосил олишга эришмоқда. Шу нуқтайи назардан Қорақалпоғистон Республикасида хорижий ғўза навлардан Хитой Халқ Республикасидан келтирилган «XinLuZhoang 52» ғўза нави экилиб, парваришлаш ишлари давом этмоқда.

Хитой Халқ Республикасида келтирилган «XinLuZhoang 52» ғўза навини маҳаллий ғўза навлари билан солиштириш мақсадида Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий тадқиқот институтида тажриба ишлари амалга ошириш режалаштирилди. Бунда маҳаллий ғўза навларидан 26 та ва 1 та «XinLuZhoang 52» ғўза нави олиниб, уларнинг униб чиқиши, ўсиб ривожланиши бўйича фенологик кузатувлар олиб борилмоқда.

Қисқаси, оқ пахта юзидаги «қора доғ»лар олиб ташланди. Энди болажонлар эрталаб бамайлихотир мактабга ошиқмоқда. Ўқитувчи фақат илм-маърифат билан машғул. Шифокор 3 ойлаб эгатлар оралаб юрмайди. Талабанинг олтин даври аудиторияда ўтади. Айтмоқчи бўлганим, ўша даврларда мамлакат иқтисодиётини юксалтирамиз деб кўп нарсани бой бердик. Уни ўрнини тўлдириш эса бугун жуда қийин кечмоқда. Қувонарлиси, океан ортида ўзбек пахтасига эълон қилинган байкотнинг бекор қилиниши бўлди. Бу энди Ўзбекистон қўлини қаерга чўзса етади, дегани. Зотан, Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ана шундай ҳаётбахш янгиланишларга йўл очмоқда.

Фахриддин БОЗОРОВ («Халқ сўзи») ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер