Пахтачида илк Оилавий болалар уйи очилди
Фото: «Халқ сўзи»
Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида 1-сонли Оилавий болалар уйи иш бошлади. Натижада туманидаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шавкат Тўхтамуродов ва Лутфия Туробоваларнинг йигирма йиллик орзулари амалга ошди.
Тўхтамуродовлар оиласи мурғак қалбларга ота-оналик меҳрини улашиш мақсадида 1-сонли Меҳрибонлик уйининг 7 нафар тарбияланувчиларини ўз бағрига олишди. Энди улар 5 нафар ўғил ва 2 нафар қизга ота-оналик қилиб, фарзандларининг келажакда она юртга содиқ, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишишлари учун муносиб тарбия бериш масъулиятини зиммаларига олди.
1-сонли Оилавий болалар уйининг очилиш маросимида вилоят ва туман ҳокимлиги, Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар хонадон эгалари давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшаётганлигини таъкидлаб, кун келиб бу каби савобли ишлар ўзининг ижобий самарасини кўрсатишига ишонч билдирди.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг