Пахтачи ва Нарпай туманларида Хитой тажрибаси татбиқ этилади
Хитой Халқ Республикасининг Шандун провинцияси партия қўмитаси котиби Лин У бошчилигидаги делегация Самарқанд вилоятида бўлди.
Икки кунлик ташриф давомида дастлаб 5 сентябрь куни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва жаноб Лин У ҳамда икки томон вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
— Ўзбекистон-Хитой ўртасида амалга оширилаётган ҳамкорлик фонида Самарқанд вилоятининг Хитой провинциялари билан алоқалари тобора юксалиб бормоқда, ؙ— деди вилоят ҳокими Э. Турдимов. — Чунки, Самарқанднинг Чин юрти билан алоқалари тарихий асосга эга. Бу бугунги кундаги ўзаро ҳамкорлигимизнинг кенгайишига хизмат қилмоқда ва бундан кейин ҳам шу тарзда давом этишига ишонаман. Бунинг учун аниқ режа асосида йўл харитаси тузиб, масъулларни бириктириб, бандма-банд иш олиб борсак, икки томон учун бу манфаатли бўлади.
Шандун провинцияси партия қўмитаси котиби Лин У ҳам ўз навбатида ташрифдан кўзланган асосий мақсад Шандун ва Самарқанд ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш эканлигини таъкидлади. Биргаликда ҳамкорлик йўналишларини аниқ белгилаб олган ҳолда истиқболли режалар асосида иш олиб боришни таклиф қилди.

— Биз Самарқанд билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз, — деди жаноб Лин У. — Шу боис, аниқ режа асосида иш бошласак, мақсадимизга тез ва юқори натижалар билан эришамиз. Бунда албатта, ўзаро ишонч муҳим. Бизга аниқ таклифлар билдирилса, ўз тажрибамизни бу ерда ҳам қўллаб юксак марраларни забт этамиз, деган умиддаман.
Учрашувда томонлар ҳамкорликни амалга ошириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларни билдиришди.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Нарпай ва Пахтачи туманларига шандунлик ишбилармонларни жалб этган ҳолда Шандуннинг камбағалликни қисқартириш, саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш, металлургия бўйича бой тажрибасини вилоятда қўллаш таклифини билдирди. Бунинг учун ушбу ҳудудларда ҳар томонлама шарт-шароит мавжудлиги, келгусида ҳам қонун доирасида имкониятлар яратилиши маълум қилинди. Жаноб Лин У ҳам бу борада ўз фикрларини билдириб, улар рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, саноат ва коммунал соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни амалга оширишга тайёрлигини таъкидлади.
6 сентябрь куни Самарқанд ва Шандун провинцияси вакилларининг тақдимоти ҳамда форум бўлиб ўтди. Тадбир “Меҳмондўст Шандуннинг сифатли маҳсулотлари” деб номланган кўргазма билан бошланди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг