Пахта- тўқимачилик кластерида янги лойиҳа
Фото: Халқ сўзи
«Бухоро агрокластер» масъулияти чекланган жамияти вилоятнинг чекка ҳудудларидан саналган Пешку туманида ёғ-мой ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани ишга туширди.
Лойиҳа қиймати 4,4 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу корхона йилига 50 минг тонна чигитни қайта ишлаб, ундан 11 минг тонна ёғ тайёрлаш қувватига эга. Унинг замонавий технологик линиялар билан жиҳозлангани, малакали кадрлар билан таъминлангани иш самарадорлигини оширади. Шунинг эвазига «Пешку агрокластер ёғ-мой» масъулияти чекланган жамияти давлат бюджетини йилига 1 миллион АҚШ долларидан зиёд тушум билан бойитиши кутиляпти.

«Бухоро агрокластер» мазкур ҳудудда тикув ва тўқув корхонасини ҳам барпо этмоқда.
Қўзиқориндан касаначилар ҳам фойда кўришади
Ромитан туманидаги инновацион ҳудудда “GOLD PHARM MUSHROOMS” масъулияти чекланган жамияти томонидан қўзиқорин етиштириш ва уни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилди.
Лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган. 930 миллион сўм миқдоридаги маблағ сарфланган ушбу субъектда қўзиқориннинг доривор турларини етиштиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Эътиборлиси, корхона жамоаси касаначилик хўжалиги фаолиятини йўлга қўйди. Инсон саломатлиги учун муҳим саналган қўзиқоринни парвариш қилиш орқали касаначилар ҳам яхшигина даромад кўришлари кутилмоқда.
«Хайробод» кун сайин обод бўлмоқда
Вобкент туманидаги «Хайробод» маҳалла фуқаролар йиғини «Обод қишлоқ» дастури шарофати билан номига монанд масканга айланяпти.
Ушбу дастур асосида маҳалладаги 24-умумий ўрта таълим мактаби биноси реконструкциядан чиқарилди. Оилавий шифокорлик пункти таъмирланди. 6 километр йўлнинг бир қисмига асфальт ётқизилди, бир қисми эса бетонлаштирилди. Инфратузилма сезиларли даражада яхшиланди.

Яна бир гап. Илгари маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган, нураб бораётган пастқам бинони кўрган кишининг таъби хира тортарди. Энди аҳвол ўзгарди. Тўрт минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган маҳалла идораси учун замонавий бино қурилиб фойдаланишга топширилди. Бу йиғин фаолларига аҳоли билан ишлаш, одамларнинг ўй-ташвишларини енгиллаштиришда қулайлик яратади, албатта.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг