«Oʼztemiryoʼlmashtamir” унитар корхонасида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Жорий йил 20 январь куни «Oʼztemiryoʼlmashtamir” унитар корхонасида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви ўтказилди. Унда 2020 йилда эришилган ютуқлар, 2021 йилдаги кўзланган мақсадлар ҳақида сўз борди.
Тадбирда таъкидланганидек, 2020 йилги оғир эпидемиологик вазият барча соҳага ўзининг салбий таъсирини ўтказди. Корхона ва заводлар тўхтади ёки қисман ишлаш режимига ўтди. Бироқ, «Oʼztemiryoʼlmashtamir” унитар корхонаси пандемия даврида ҳам бир маромда фаолият кўрсатди. Корхонада нафақат мамлакатимиз, балки қўшни давлатлар локомотивлари ҳам таъмирдан чиқарилди.
Бугун корхонада 699 нафар ёш ходим фаолият олиб бормоқда. Бу умумий ишчилар сонининг 47.5 фоизи деганидир.
Ўтган йил давомида корхона ёшлари турли хилдаги, жумладан, «Инновацион ғоялар», «Энг яхши темирйўлчи», «Зукко китобхон» каби танловларнинг Республика босқичида фахрли ўринларни эгаллашди. Учрашув ёшлар билан очиқ мулоқот тарзида ўтди. Раҳбарият ёш кадрларнинг фикр ва таклифлари, талаблари билан қизиқди. Спорт машғулотлари юзасидан берилган таклиф ўша вақтнинг ўзида қабул қилиниб, йўлга қўйилиши белгиланди. Бундан ташқари, фаол ёшлар томонидан ҳар йил охирида турли номинациялар бўйича уларни моддий-маънавий тақдирлаб бориш таклифи берилди.
Корхонада фаолият олиб бораётган ёшлар ўз мутахассислиги бўйича тажрибали ўқитувчиларга бириктирилган. Улар, ҳаттоки, мотор, трансформатор, эҳтиёт қисмлар, генераторларнинг капитал таъмири билан бемалол шуғулланишмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги вақтларда раҳбар ва ёшлар учрашувининг ташкил этилиши анъанага айланяпти. Бу каби мулоқотлар ёшларга яхши кайфият ва ишга бўлган қизиқишининг янада ошишига, ўз устида кўпроқ ишлашга туртки бериши табиий.
Ҳ.Пайдоев
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг