Ўзиюрар аравача ногиронларга ёқиб қолди
Фото: Халқ сўзи
Жисмоний имконияти чекланган, айниқса, ҳаракат аъзоларида нуқсони бўлган инсонларга ҳар томонлама эътибор уларнинг ҳаётга муҳаббатини оширади. Яқин вақтга қадар уларга ўз кучлари билан ҳаракатга келтириладиган махсус аравачалар тавсия қилинарди. Энди бундай воситанинг электрон юритмали шаклидан фойдаланиладиган бўлди. Ҳар жиҳатдан қулай янги аравача қувватлантирилувчи куч манбаи ёрдамида ишлайди. Ихчам пультдаги тугмачани боссангиз бас, ҳаракатга келади.

Муҳими, бошқаришга қулай восита ногиронларга жуда-жуда маъқул тушди. Куни кеча Наманган вилоятининг Давлатобод туманида электрон юритмали аравачани қабул қилиб олган 12 нафар имконияти чекланган фуқароларнинг ҳам қувончи чексиз. Тақдимот чоғида ногиронларга замонавий аравачаларнинг ишлаш механизми, қувватлаш тартиби, техника хавфсизлиги масалаларида батафсил тушунча берилди.
— Одамлар орасида бўлиш, қўни-қўшни, қариндош-уруғларникига тез-тез бориб туриш бирдан-бир орзуим эди, — дейди болаликдан ногирон Жасурбек Охунов. — Энди «оёғим чиқиб қолди», аравачам билан бировнинг кўмагисиз истаган жойимга бора оламан. Бу воситани совға қилган яхши инсонларга минг раҳмат!
Ногиронларнинг узоғини яқин қилишга мўлжалланган электрон юритмали аравачалар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам эҳтиёжмандларга етказилади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг