Озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда янги имтиёз ва имкониятлар
Нишон туманидаги “Янги Нишон фазоси“ фермер хўжалиги дала шийпонида “Озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш янги имкониятлар” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилоятларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчи субъектлар раҳбарлари, соҳа масъуллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 31 октябрдаги “Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида фермер хўжаликларига асосий фаолияти билан бир қаторда, қўшимча тармоқларни йўлга қўйиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириши учун кенг имкониятлар берилди.
Хусусан, эндиликда умумий пахта-ғаллачилик ва чорвачилик хўжаликларининг 10 гектардан кам бўлмаган ерларининг 1 фоиз, лекин 20 сотихдан кўп бўлмаган қисмида йирик ва майда шохли қорамолларни сақлаш учун енгил конструкцияли бино, сув резервуари ва озуқа сақлаш омборхоналарини қуриш мумкин.

Асосий фаолияти пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган “Янги Нишон фазоси“ фермер хўжалиги биринчилардан бўлиб бу имкониятдан фойдаланиб, тасарруфидаги ер майдонининг бир қисмида чорвачилик комплекси, озуқа омбори, иссиқхона, сув резурвари ва бошқа керакли инфратузилма объектларини барпо этган.
Кўргазмада мазкур хўжалик фаолияти мисолида дала четлари ва қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш майдонларидан самарали фойдаланиш, борадаги имтиёз ва имкониятлар ҳақида кенг маълумот берилди.

- Президентимизнинг бу қарори озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини рағбатлантириш борасида жуда катта аҳамиятга эга бўлди, — дейди Ўзбекистон Фермерлар кенгаши раҳбари Актам Хаитов. — Қарор асосида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштираётган деҳқон ва фермерлар учун кўплаб имтиёзлар, субсидиялар белгиланди. Масалан, 2026 йил 1 январдан озуқабоп ва мойли экинларни етиштирувчи субъектларга маҳсулот етиштиришда суғориш тадбирлари учун ўз балансидаги насос агрегатлари сарфлайдиган электр энергияси харажатларининг 50 фоиз қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилиши белгиланди. Бундай имтиёз аввал фақат пахта ва ғалла етиштирувчи субъектларда мавжуд эди. Эндиликда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчилар ҳам бундай имтиёзга эга бўлишди.

Тадбирнинг иккинчи қисми Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти мажлислар залида давом этди. Унда фермер хўжаликларида қўшимча тармоқларни ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг