“Ўзбекнефтгаз” АЖ тузилмасида муҳим ўзгаришлар рўй берди
“Ўзбурғунефтгаз” АЖ, “Ўзнефтгазқазибчиқариш” АЖ, “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ, “Ўзнефтгазмаш” АЖлар “Ўзбекнефтгаз” АЖга қўшиш йўли билан қайта ташкил этилди.
Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 3-бандига мувофиқ амалга оширилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистон Республикасининг нефт-газ соҳасини ривожлантириш ва соҳанинг мавжуд имкониятларини тўлиқ очиб беришдан иборатдир.
Бундан буён "Ўзбекнефтгаз" АЖ юқорида келтирилган акциядорлик жамиятларининг барча мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади. Шу жумладан, дивиденд қарздорликларини сўндириш бўйича ҳам.
"Шунга кўра, қўшилган жамиятларнинг акциядорлари ўзларига тегишли дивидендларни олиш ҳамда акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар бўйича маслаҳат олиш учун "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг Акциядорлар билан ишлаш (Манзил:100125, Тошкент шаҳри, Дўрмон йўли 2-берк кўчаси, 143-уй) бўлимига ёки (0-371) 231-13-96 телефон рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин" дейилади “Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати хабарида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг