“Ўзбекистонни босиб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов

16:11 21 Декабрь 2023 Жамият
1286 0

Бугун ижтимоий тармоқларда россиялик ёзувчи, сиёсий ва ҳарбий арбоб Захар Прилепин илгари СССРга тегишли бўлган барча ҳудудларни тиклаш ташаббуси билан чиққани ҳақида хабарлар тарқалган эди. У мисол сифатида Ўзбекистоннинг икки миллион фуқароси Россияда яшаётгани учун Россия бу ҳудудга даъво қила олишини айтганди.

Прилепин мигрантлар муаммосини ҳал қилиш учун рус аёллари кўпроқ бола туғиши кераклигини таъкидлаган: “Руслар қанча кўп бўлса, кўп сонли мигрантлар бизнинг юртда ўзини нотўғри тутиши билан боғлиқ муаммолар камроқ бўлади”. У бу муаммони “гастербайтерлар келаётган мамлакатларни қўшиб олиш” орқали ҳал этиш мумкинлигини айтиб ўтган.

“Мигрантларни Россияда эмас, балки улар келган давлатларда, масалан, Ўзбекистонда ўқитиш керак”, – деган у.

“Киевдаги параддан кейин Евроосиё ҳудудида нимадир қилишимизни ким тақиқлайди? Ҳеч ким”, – дея Прилепиннинг сўзларини келтирган “Осторожно, новости”.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов россиялик амалдорга жавоб қайтарди.

“Жаноб Прилепин шуни яхшилаб ўқиб олинг! Ўзбекистон мустақил, суверен давлат. Уни босиб олишга, унда ўз ҳукмини ўтказишга, хорижий тил ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бундай сурбетлик билан эълон қилинган фикрлар на халқаро ҳуқуққа, на соғлом ақлга тўғри келмайди. Аксинча, урушни тарғиб қилиш – бу жиноятдир.Бизнинг улуғ халқимиз муқаддас ҳуқуқимиз – мустақиллигимизни ҳеч кимга, ҳеч қачон бериб қўймайди! Мустақиллигимизни, суверенитетимизни, давлат чегараларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга куч-қудратимиз ҳам, журъатимиз ҳам етарли”, – дейди депутат Иномжон Қудратов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер