Ўзбекистонлик ҳарбийлар АҚШдаги нуфузли мусобақада рекорд натижа билан ғалаба қозонди

14:16 21 Март 2026 Жамият
498 0

Ўзбекистонлик ҳарбийлар АҚШдаги мусобақада рекорд натижа билан ғолиб бўлди. Бу ҳақида Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Унда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари кичик сержант Саломов Илҳом ва III-даражали сержант Авлаев Турдимурод жорий йилнинг 16–18 март кунлари АҚШнинг Миссисипи штати «Camp Shelby» ҳарбий-ўқув базасида бўлиб ўтган «Энг илғор жангчи–2026» мусобақасида иштирок этган.

Мазкур мусобақа халқаро ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва махсус бўлинмаларда хизмат қилиш нуфузини ошириш каби мақсадларда ташкил этилган бўлиб, унда ҳарбий хизматчиларимиз АҚШ Миллий гвардиясининг Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашишди.

Мусобақа давомида ҳарбий хизматчиларимиз якка таркибда жисмоний тайёргарлик синовлари (8 та машқни ўз ичига олган Фитнес тест), жисмоний ва руҳий зўриқишларни ечишга қаратилган мажмуавий тўсиқлар йўлагидан ўтиш, тунда 15 километр масофага ориентирлаш, 20 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тест синовлари, иншо ёзиш (ҳарбий ҳамкорлик мавзусида 500 тадан кам бўлмаган сўз), артиллерия оловини бошқариш, НАТО намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш, шунингдек, улардан турли усул ва шароитларда ўқ отиш, тиббий тайёргарлик, номаълум ҳудудга вертолёт авиациясини чақиш ва унинг ёрдамида объектга етиб бориб арқон ёрдамида тушиш ҳамда кутилмаган (сюрприз) машқлар каби 13 та шартларни муваффақиятли бажарди.

Жумладан, ҳарбий хизматчиларимиз жамоавий баҳс — 20 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш шартини 1 соат 48 дақиқа ичида бажарди. Шунингдек, якка тартибдаги баҳсларда III-даражали сержант Авлаев Турдимурод жисмоний ва руҳий зўриқишларни ўзида жамлаган мажмуавий тўсиқлар йўлагини 10 дақиқаю 34 сонияда босиб ўтган бўлса, кичик сержант Саломов Илҳом тунда 15 километр масофага ориентирлаш шартини 59 дақиқада бажаришга муваффақ бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур шартларнинг барчасида ҳарбий хизматчиларимиз мусобақа рекордини янгилади. Якунда ҳарбий хизматчиларимиз мусобақанинг махсус соврини билан тақдирландилар.

«Бу дастлабки ютуқ эмас, албатта. Мазкур мусобақада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2019 йилдан бери муваффақиятли қатнашиб, ҳар бирида иштирокчилардан мутлақ устунлик билан ғолибликни қўлга киритиб келади», — дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун, 22 март куни ғолиблар пойтахтимиздаги Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер