Ўзбекистонлик 160 нафар ўқувчи халқаро онлайн олимпиадалар ғолибига айланди
Вазирлик фото архивидан
Ибн Сино мактаб-интернатининг 160 нафар ўқувчиси таътилда халқаро онлайн олимпиадалар ғолибига айланди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2020 йил 24 март кунидан бошлаб Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг мактаб-интернатнинг 7-10-синфлари ўқувчилари биология, кимё, математика, физика, информатика, рус тили, инглиз тили, география ва бошқа фанларидан халқаро ҳамда Бутунроссия онлайн олимпиадалари (“Образовательный портал источник”, “Время знаний”, “Живая планета”, “Солнечный свет“)да қатнашдилар. Мазкур онлайн олимпиадалар натижаларига кўра жами 160 нафар ўқувчилар 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллади.
Улардан 34 нафари кимё, 60 нафари биология, 17 нафари алгебра, 3 нафари геометрия , 13 нафари рус тили, 8 нафари адабиёт,11 нафари инглиз тили, 5 нафар география, 7 нафари физика, 1 нафари астрономия, 1 нафари жаҳон тарихи фанларидан совринли ўринларни эгалладилар ва олимпиадалар дипломлари билан тақдирланди.
Мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб 2020 йил 16 март кунидан қўшимча таътил (карантин) эълон қилинганди. Шу муносабат билан, ўқувчиларни таътил даврида уйда мустақил тарзда таълим олишлари учун мактаб-интернатнинг фан ўқитувчилари ва педагог тарбиячилари томонидан дарс жадвалида белгиланган мавзулар асосида онлайн дарс машғулотлари ва тавсиялар мактаб-интернатнинг расмий web-сайти (ibnsino-maktab.uz) ва телеграм каналлари (@ibnsinomaktabuz ва @Ibn sino boarding school) орқали намойиш этиб борилиши йўлга қўйилди.
Шунингдек, @Ibn_Sino_school канали орқали кимё фанидан 7-10-синф ўқувчилари учун доимий равишда вебинар машғулотлари ўтказилмоқда. Метод бирлашмалари раислари масъуллигида фан ўқитувчилари ва амалиётчи психолог ахборот коммуникацион технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда ўқувчилар ва уларнинг ота-онларига таътил пайтида фарзандларининг таълим-тарбия жараёнини тўғри ташкил этиш бўйича тавсиялар бериб бормоқдалар.
Масофадан таълим бериш сифатини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 24 мартидан бошлаб Оnlayn_maktab_Android платформасида 7-10-синф ўқувчилари учун барча фанлардан онлайн дарсликлар, тест топшириқлари, факультатив машғулотларни жойлаштириш ҳамда кун давомида саҳифаларни янгилаб бориш йўлга қўйилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу платформада мактаб-интернатнинг анъанасига айланган“Тенгдош – тенгдошга“ лойиҳаси доирасида фаол ўқувчилар томонидан масофадан ўқитиш амалга оширилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг