Ўзбекистонга кўчиб юрувчи турларни асрашга қўшган ҳиссаси учун фахрий мақом берилди

16:09 24 Март 2026 Жамият
339 0

Фото: Муҳсин Умурзоқов / «Халқ сўзи»

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси делегацияси 23 март куни Бразилиянинг Кампо-Гранде шаҳрида бўлиб ўтган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция томонларининг 15-конференцияси (CMS COP15) очилиш маросимида иштирок этди. Қўмита матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур форумда давлатлар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари кўчиб юрувчи турларни муҳофаза қилишнинг асосий масалаларини муҳокама қилиш ва бу соҳада глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун бирлашган.

Очилиш маросимида Конвенциянинг амалдаги раиси сифатида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси ўз раислигини расман Бразилия Федератив Республикасига топширган. Ялпи мажлис давомида Ўзбекистон делегацияси 2024 йилдан 2026 йилгача бўлган раислиги натижалари бўйича ҳисобот тақдим этган. Ҳужжатда мамлакатнинг кўчиб юрувчи турларни муҳофаза қилишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ва ёввойи ҳайвонларни ноқонуний овлашга қарши курашишга қаратилган ташаббусларни илгари суришга қўшган ҳиссаси акс эттирилган.

Халқаро ҳамжамият томонидан берилган алоҳида эътироф сифатида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига «Migratory Species Champion Plus» («Кўчиб юрувчи турларни асраш бўйича чемпион плюс») мақоми берилган.

Таъкидланишича, маросим «Migratory Species Champion Programme» дастури доирасида ўтказилди. Ушбу мақом Ўзбекистонга 2026–2028 йилларда кўчиб юрувчи турларни ноқонуний олиб кетишга қарши ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш ва глобал ҳаракатларни қўллаб-қувватлагани учун топширилган. Бу натижа мамлакатнинг барқарор экологик сиёсатини ва биохилма-хилликни асраш ҳамда кўчиб юрувчи турларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қўшган ҳиссасини акс эттиради.

Эслатиб ўтамиз, Конвенция Томонларининг 14-конференцияси (CМС CОП14) 2024 йил февраль ойида Самарқандда бўлиб ўтган ва ундан сўнг Ўзбекистон раисликни ўз зиммасига олган эди. Ушбу форумга мезбонлик қилиш мамлакатимизнинг атроф-муҳит соҳасидаги халқаро мавқейини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер