Ўзбекистонда қуритилган мевалар экспорти истиқболлари ва имкониятлари UNCTAD томонидан таҳлил қилинди
БМТнинг Савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси (UNCTAD) лойиҳасини амалга ошириш доирасида «Ўзбекистоннинг қуритилган мевалари экспорти: истиқболлари, муаммолари ва имкониятлари» мавзусида маъруза тайёрланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АA.
Мазкур ҳужжатда Ўзбекистондан қуритилган меваларни экспорт қилишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари таҳлил қилинган. Уни тайёрлаш учун UNCTAD экспертлари томонидан Ўзбекистоннинг 5 минтақаси - Aндижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Тошкентда ўтказилган махсус тадқиқот маълумотларидан Ўзбекистонда қиймат занжири ва қуритилган мевалар сифати ўртасидаги боғлиқликни кўрсатиш мақсадида фойдаланилган.
Маърузада, шунингдек, Ўзбекистондан қуритилган мева экспортига таъсир кўрсатадиган турли савдо стандартлари, шу жумладан, Европа Иттифоқи бозорига кириш имкониятларини берадиган меъёрлар ҳам келтирилган.
Унда қайд этилишича, мевалар ҳажми жиҳатидан Ўзбекистоннинг олтинчи йирик экспорт маҳсулоти ҳисобланади. 2019 йилда унинг экспорт ҳажми 644 миллион долларни ташкил этди. Истеъмол қилинадиган мевалар Ўзбекистон экспортининг 14,3 миллиард долларлик экспортининг 4,5 фоизини ташкил қилди. Шу билан бирга, қуритилган узум ҳажми 105 миллион долларни, бошқа қуритилган мевалар эса 40 миллион долларни ташкил этди.
Маълумки, маҳсулотларни маҳаллий ва ташқи бозорларга етказиб бериш усулларини аниқлаш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, экспорт логистикаси жиҳатлари ҳамда Ўзбекистондан қуритилган мевалар экспортига таъсир кўрсатадиган турли савдо стандартлари ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Маъруза интиҳосида Ўзбекистоннинг қуритилган мевалар бозорида ўз улушини стратегик жиҳатдан босқичма-босқич кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларининг натижалари сарҳисоб қилинган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг