Ўзбекистонда миллий табиий мерос объектларига қўйиладиган талаблар белгиланди

15:10 28 Март 2026 Ҳужжатлар
582 0

Ўзбекистон ҳукумати «Миллий табиий мерос объектлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорни қабул қилди, деб хабар бермоқда Экология қўмитаси матбуот хизмати.

Тегишли ҳужжатда миллий табиий мерос объектларининг мақоми ва турлари, уларнинг рўйхатини шакллантириш тартиби, шунингдек, ушбу ҳудудларда қурилиш ишларини олиб бориш қоидалари белгилаб берилган.

Низомга кўра, Ўзбекистоннинг миллий табиий мерос объектларига муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми берилади. Ушбу объектлар Бутунжаҳон маданий ва табиий мероси рўйхатига, Рамсар конвенцияси объектлари рўйхатига, шунингдек, бутунжаҳон биосфера резерватлари ва глобал геопарклар тармоғига киритилиши мумкин.

Давлат қўриқхоналари, мажмуали (ландшафт) буюртмахоналари, табиат боғлари, давлат буюртмахоналари, давлат табиат ёдгорликлари, шунингдек, давлат биосфера резерватлари миллий табиий ҳудудлар рўйхатига киритилади.

Табиий объектни Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари рўйхатига киритиш учун у қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

— биофизик жараёнлар ва рельеф шаклларининг ўзига хослиги ҳамда сақланиб қолганлиги;

— табиий ўзаро боғлиқликнинг барча ёки аксарият асосий элементлари табиий ҳолатда мавжудлиги;

— экотизимлар ва биохилма-хилликни узоқ муддатли сақлаш учун аҳамиятли бўлган табиий жараёнларнинг барча зарур элементларини қамраб олиши;

— тегишли биогеографик минтақалар ва экотизимларга хос бўлган флора ва фаунанинг яшаш жойларини (ареалларини) ўз ичига олган ҳолда биохилма-хилликни сақлаш нуқтаи назаридан аҳамиятлилиги;

— кўчиб юрувчи турларнинг яшаш, кўпайиш ва уя қуриш жойлари, шунингдек, уларнинг миграция йўллари мавжудлиги;

— биохилма-хиллик ва инсон ҳаёти учун аҳамиятли бўлган гидрологик объектларнинг мавжудлиги;

— Ернинг ривожланиш тарихини акс эттирувчи геологик кесимлар ва тузилмалар, геоморфологик объектлар, палеонтологик қатламлар ва ҳосилалар, шунингдек, даволовчи ресурслар конлари ёки чўкинди ҳудудларнинг мавжудлиги.

Миллий табиий мерос объектларида табиий ресурсларни қазиб олиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказиш, ноқонуний қурилиш ишларини олиб бориш, дарахт ва буталарни кесиш, гидрологик ва гидрогеологик режимни ўзгартирувчи ҳаракатлар, тупроқ эрозияси, шунингдек, йўл ва муҳандислик-коммуникация ишларини ўтказиш тақиқланади.

Шунингдек, чиқиндиларни сақлаш ва кўмиб ташлаш, оқова сувларни оқизиш, заҳарли кимёвий моддаларни қўллаш, ўлган чорва молларини кўмиш жойларини ташкил этиш, кимёвий ва металлургия саноати корхоналарини, чорвачилик ва паррандачилик мажмуаларини жойлаштириш, ёқилғи қуйиш ва ювиш шохобчаларини қуриш ҳамда тирик организмларнинг янги турларини иқлимлаштириш мақсадида олиб киришга йўл қўйилмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер