Ўзбекистонда коронавирусга қарши биринчи навбатда кимлар эмланиши маълум қилинди
Республика махсус комиссиясининг йиғилишида мамлакатимизда барқарор эпидемиологик вазиятни сақлаб қолиш мақсадида коронавирус инфекциясига қарши эмлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Унда Инновацион ривожланиш ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистонда Хитойнинг “Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.,Ltd” компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши “ZN2001» вакцинасининг Ўзбекистонда 2020 йил декабрь ойидан бошлаб 7 мингдан ортиқ кўнгиллиларда ўтказилаётган учинчи босқич клиник синовлари, шу жумладан, ҳозирги кунга қадар бирорта вакцина қабул қилган кўнгиллида унинг ножўя таъсири кузатилмаганлиги бўйича ахбороти тингланди.
Йиғилишда Санитария-эпидемиология хизматига Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши эмлашни ўтказиш алгоритми ва алоҳида тартибини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.
Бунда коронавирус инфекциясига қарши эмлашни фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга ошириш, шунингдек, биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган қуйидаги шахсларни эмлаш назарда тутилади:
65 ёшдан ошган қариялар ва кексалар;
сурункали касалликлари бор шахслар;
тиббиёт ходимлари;
мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда олий таълим муассасалари ходимлари;
аҳоли билан бевосита мулоқотга киришадиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг