Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш стратегияси қандай?
Пойтахтимизда «Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш стратегияси»нинг расман ишга туширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташаббусига кўра Европа Иттифоқи ва Халқаро савдо маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинди.
Тадбирда вазирлик ва идоралар, Ўзбекистоннинг ишбилармон доиралари вакиллари, халқаро ва миллий экспертлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Маросимни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация маркази директори Шерзод Содиқов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида ушбу лойиҳани тайёрлаш ва ишга туширишда иштирок этган барча ташкилотларга ўз миннатдорлигини билдириб, ушбу лойиҳа тез орада мамлакатимизнинг тараққиёти ва аҳоли фаровонлиги йўлида ўз самарасини беришини таъкидлади.

Шу билан бирга, юқори технологиялар соҳасида обрў-эътибор қозонган хорижий меҳмонлар ва миллий экспертлар ҳам сўзга чиқди.
Ҳозирда давлатимиз раҳбарининг барча соҳаларни рақамлаштириш, электрон муносабатларни ривожлантиришга қўшаётган беқиёс ҳиссаси, келажакда бозор иқтисодиётини ривожлантириш бўйича узоқни кўзловчи ғояларни илгари сурганликлари алоҳида қайд этилди.
Халқаро экспертларга кўра, Ўзбекистон қисқа вақт ичида рақамли иқтисодиётни турли соҳаларга интеграция қилиш борасида сезиларли ютуқларга эришди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда электрон тижоратининг экотизими ва рақамли иқтисодиёт ривожланишнинг илк босқичларида бўлиб, келгусида жадал ривожланишига кўмаклашувчи қатор омиллар мавжуд. Хусусан рақамлаштиришни қўллаб-қувватлаш, ахборот технологиялари паркини (IТ-Парк) яратиш учун етарли даражада яхши тайёрланган интернет-инфратузилмаси, ва айни пайтда ҳудудлардаги рақамли кўникмаларни ривожлантириш бўйича хатти-ҳаракатлари илдамлиги, рақамли тўлов хизматларининг такомиллаштирилиши ва миллий маркетплейслари, шу ўринда, иккита давлат маркетплейслари - tradeuz.com ҳамда unisavdo.uz яратилиши шулар жумласидан.
«Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш стратегияси ва унинг амалга оширилиши» мавзусидаги тақдимоти билан сўзга чиққан Рақамли трансформация маркази директори Шерзод Содиқов иштирокчиларни Ўзбекистонда электрон тижоратнинг ривожланиш жараёни, тадбиркорларнинг манфаати йўлида жорий қилинган янгиликлар ва қулайликлар, Марказ томонидан ишлаб чиқилаётган янги лойиҳалар билан батафсил таништирди.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, Стратегия қулай электрон тижорат муҳитини яратишга, шу жумладан компанияларнинг муваффақиятли рақамли трансформацияси кўникмаларини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган асосий фаолиятни белгилайди. Бу Ўзбекистон компанияларига минимал молиявий харажатлар билан янги бозорларга чиқиш ва уларнинг бизнес моделлари, жараёнлари ҳамда операцияларини такомиллаштириш имконини беради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг