Ўзбекистонда 12 та мультфильм яратиш учун ўтган йили қарийб 4,5 млрд. сўм ажратилган
Бу ҳақда "Ўзбеккино" маълум қилди.
Қайд этилишича, 2019 йилда 12 та мультфильмни яратиш учун "Ўзбеккино" Миллий агентлигига 4 миллиард 458 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағи ажратилди. Ушбу маблағ қуйидагича тақсимланди: 76,24 фоиз (3 миллиард 400 миллион сўм) маблағ 2019 йилда 9 та мультфильм ишлаб чиқарган давлат мультимедиа студиясига берилди (уларнинг 4 та мультфильми устидаги ишлар 2020 йилда ҳам давом этирилади), қолган 23,76 фоизи (1 миллиард 59 миллион сўм) маблағ 3 та мультфильм яратган хусусий ишлаб чиқарувчиларга ажратилди.
Шу муносабат билан, "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг 2020 йилдаги илк ва муҳим қадами фильм ишлаб чиқариш, шу жумладан, анимацион фильмларни яратишга ажратиладиган бюджет маблағларини тақсимлаш тамойилларига ўзгартишлар киритгани бўлди.
2020 йилдан эътиборан барча фильм лойиҳалари фақат тендер асосида кўриб чиқиладиган бўлди. Масалан, жорий йилда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги қошидаги Бадиий кенгаш 3 та мултьфильм ишлаб чиқиш учун қарорни айнан эълон қилинган тендер натижаларига асосан қабул қилди. Улардан биттаси давлат студиялари томонидан, 2 таси хусусий студиялар томонидан суратга олинадиган бўлди. Бюджет маблағларини холисона танлов асосида кўриб чиқиш ва одилона тақсимлаш рақобат муҳитини яратади, пировардида яратилаётган маҳсулотларнинг даражаси ва сифатини оширишга кенг имконият яратилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг