Ўзбекистон Венгриядаги Бутунжаҳон туркий халқлар қурултойида фахрий меҳмон сифатида иштирок этади

10:01 16 Март 2026 Жамият
165 0

Жорий йилнинг август ойида Венгрияда навбатдаги Туркий халқлар қурултойи бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли этно-фестивалда Ўзбекистон делегацияси фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси Ойбек Шахавдинов ва “Турон” жамғармаси президенти, Қурултой бош ташкилотчиси Андраш Биро ўртасида бўлиб ўтган музокараларда шу ҳақдаги келишувга эришилган.

Учрашув якунларига кўра, тадбир доирасида Ўзбекистоннинг алоҳида миллий павильони ташкил этилади. Унда мамлакатимизнинг бой маданий мероси, анъаналари ва санъат намуналари кенг жамоатчиликка намойиш этилади.

Қурултой — Европа миқёсидаги энг йирик этно-маданий тадбир бўлиб, у гунн-турк ва кўчманчи халқларнинг қадимий анъаналарини сақлашга қаратилган. 2024 йилдаги фестивалга 27 та миллат ва этник гуруҳдан 250 мингга яқин иштирокчи ташриф буюрган эди.

Таъкидланишича, ушбу келишув икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, кўчманчи халқлар анъаналарини сақлаш ва тарихий хотирани тиклашда муҳим аҳамият касб этади.

Фестиваль дастуридан нафақат маданий ва спорт мусобақалари, балки илмий анжуманлар, халқаро кўргазмалар ва юқори даражадаги дипломатик учрашувлар ҳам ўрин олган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер