Ўзбекистон ва Венгрия музейлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Будапешт шаҳридаги Венгрия этнография музейи бош директори Лаёш Кемечеи билан учрашди.
Венгрия этнография музейи Европадаги энг йирик музейлар қаторида қайд этилади. Музей фонди ўз соҳаси бўйича Европанинг етакчи тадқиқот ва таълим муассасаларидан биридир. Этнография музейи коллекциясида 250 мингга яқин экспонатлар мавжуд. Мазкур маданий муассасада ибтидоий жамиятлардан тортиб то цивилизациялашган жамиятларгача бўлган дунёнинг барча минтақаларидан олимлар ва шахсий коллекционерлар томонидан тўпланган халқ амалий санъати ва маданиятининг улкан тўплами мавжуд.
Музокаралар чоғида музей директори Ўзбекистоннинг қадимий тарихининг ашаддий мухлиси эканини таъкидлади.
Ўзбекистонда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги музейлар кўргазмаларини янгилаш, қайта кўргазмага қўйиш, музей ашёлари ва коллекцияларининг электрон каталогини яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақидаги маълумотлар Венгрия томонига катта қизиқиш уйғотди.
Лаёш Кемечеи Венгрия этнография музейи ва Ўзбекистон музейлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.
Томонлар икки давлат ўртасидаги тарихий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган мунтазам мулоқотни давом эттириш ва қўшма тадбирлар ўтказишга келишиб олдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг