Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирлари бўлажак олий даражадаги тадбир кун тартибини шакллантиришга келишиб олишди

19:14 22 Апрель 2020 Сиёсат
1152 0

2020 йил 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг Россия Федерацияси ташқи сиёсат идораси раҳбари Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ хабар берди.

Вазирлар икки томонлама муносабатларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг режалаштирилган муддатда Россия Федерациясига амалга оширадиган давлат ташрифига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар олий даражадаги тадбир кун тартибини шакллантириш ҳамда икки томонлама ҳужжатларни келишиш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Ташриф якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг Ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши муҳимлиги таъкидланди.

Мамлакатимизнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги доирасида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Вазирлар Россия Федерацияси ва Марказий Осиё ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг навбатдаги учинчи “РФ + C5” шаклидаги учрашувини ўтказиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари дунёдаги коронавирус билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилдилар. Касалликнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш масалаларида яқин ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер