Ўзбекистон ва Миср ҳамкорлигига бағишланган янги китоб нашр этилди
Фото: Иллюстратив фото
Ўзбекистон Республикаси Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Мисрнинг «Ал-Ҳивор» сиёсий ва ахборий тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда «Ўзбекистон ва Миср ҳамкорлиги» деб номланган янги китоб нашр этилди.
Ўзбекистонлик дипломат, ЖИДУ Тил таълими маркази бошлиғи Лутфиддин Ходжаев ҳамда мисрлик сиёсатшунос Аҳмад Тоҳир муаллифлигидаги китоб Ўзбекистон ва Миср ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланади.
Нашрда ёзилганидек, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги муносабатлар тарихи чуқур илдизларга эга бўлиб, халқларимизни муштарак диний ва маданий қадриятлари ва анъаналарининг ўхшашлиги боғлаб туради. Ушбу омил ҳозирги кунда ҳам икки мамлакат ўртасидаги мавжуд дўстона ва ўзаро манфаатли алоқалар ривожида мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилмоқда.
Чунончи, бугунги кунда икки томонлама ҳамкорлик сиёсий, иқтисодий, маданий ва хавфсизлик соҳаларни қамраб олади. Ўзбекистон-Миср алоқалари халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам фаол ривожланиб бормоқда.
Китобда 2018 йил сентябрь ойида Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг мамлакатимизга амалга оширган расмий ташрифи ва Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев билан учрашувлари икки давлат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиққани қайд этилади. Шунинг натижаси ўлароқ, ўзаро ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда.
Мазкур асар учта бобдан иборат бўлиб, улар «Ўзбекистон ва Миср: муносабатларнинг юқори босқичга кўтарилиши», «Ўзбекистон ва Миср ҳамкорлигининг истиқболли соҳалари» ҳамда «Ўзбекистон ва Миср – ўхшаш ёндашувлар, муштарак муаммолар» деб номланади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳам, Миср ҳам барча соҳаларда туб ислоҳотларни собитқадамлик билан давом эттирмоқда. Ҳар икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларининг бош мақсади халқнинг фаровон ҳаёти гарови бўлган барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ минтақалари ҳамда халқаро майдонда самарали ва конструктив ташқи сиёсат юритишга қодир бўлган икки янги давлат – Янги Ўзбекистонни ва Янги Мисрни барпо этиш ҳисобланади, дейилади нашрда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг