Ўзбекистон ва Италия ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда
Шу йилнинг 11 февраль куни «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков Италия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Пьергабриеле Пападия де Боттини билан учрашди.
Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар «Тараққиёт стратегияси» маркази ва Италия элчихонаси ўртасидаги самарали алоқаларни юқори баҳолаб, Италиянинг етакчи ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида келишувга эришдилар.
Хусусан, илмий ва таҳлилий соҳаларда фикр алмашиш, қўшма нашрлар тайёрлаш, мутахассислар малакасини ошириш мақсадида ўқув дастурлари ва тренинглар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Италия экспертларини жалб қилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва конференциялар, давра суҳбатлари ҳамда илмий-тадқиқот лойиҳалари орқали ўзаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича фикрлар билдирилди.
Учрашув очиқ ва конструктив муҳитда ўтиб, томонлар келгусида ҳамкорлик истиқболларини доимий муҳокама қилиб боришга келишиб олдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг