Ўзбекистон ва Германия ўртасида барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва Германия ҳукуматининг иқлимни муҳофаза қилиш бўйича махсус вакили, Германия ташқи ишлар вазирлиги штат котиби Женнифер Морган хоним ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор масалалар ва янги ташаббуслар муҳокама қилинди. Хусусан, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Central Asian Green University”)нинг ўрмон хўжалиги, гидрометеорология ва иқлим билан боғлиқ бўлган муассасалар учун пойдевор ташкилот эканлиги таъкидланди.
Учрашувда А.Абдуҳакимов PM2.5 зарраларига эътибор қаратган ҳолда йирик шаҳарлар ҳавосининг ифлосланишига қарши курашиш бўйича ҳукумат қарорлари ва стратегиялари билан ўртоқлашди, шунингдек, ҳаво сифати муаммосининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишига тўхталди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича муҳокамаларда оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчилик иштироки ҳамда фуқароларнинг хабардорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Ўз навбатида, Женнифер Морган хоним Ўзбекистоннинг экология соҳасидаги ташаббусларини юқори баҳолади ва илм-фан, таълим, экологик муаммоларни ҳал этишда ҳамкорликни янада ривожлантиришга умид билдирди.
Шунингдек, учрашувда ностандарт бензиннинг ҳаво сифатига таъсирига эътибор қаратилди. Бундан ташқари, вазир “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш ташаббуслари ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, мамлакатимиздаги институционал ва сиёсий ўзгаришларга ҳам тўхталиб ўтилди. Бу экологик сиёсат бўйича асосий мувофиқлаштирувчи орган сифатида Президент ҳузуридаги Иқлим кенгашини тузиш тўғрисидаги қарордир. Кенгашнинг ижро этувчи органи сифатида Миллий иқлим марказининг роли қайд этилди.
Қолаверса, Экология вазири маслаҳатчиси Суна Парк ҳар бир бўлимда вазирлик томонидан мувофиқлаштириладиган экологик дипломатия бўлими ташкил этиш, 2030 йилгача иқлим ўзгариши бўйича ягона сиёсат ва миллий стратегияни ишлаб чиқиш режалари билан ўртоқлашди.
Шу билан бирга, Марказий Осиёда экологик барқарорликни таъминлаш ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Яшил Марказий Осиё” ташаббуси доирасидаги минтақавий ҳамкорликнинг юқори аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Учрашув кун тартибидан ЕТТБ билан стратегик ҳамкорлик масалалари ва Марказий Осиё учун Экологик фондни яратиш режалари ҳам ўрин олди.
Якунда Германия томонига COP14 — Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича Конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши ва Самарқанд иқлим форуми ҳақида маълумот берилди ва Германия делегацияси ушбу тадбирларга таклиф қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг