Ўзбекистон ва Европа иттифоқи: Муносабатларнинг янги истиқболлари

09:03 22 Май 2018 Сиёсат
3144 0
Фото: kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Европа иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Кенгаши делегациясининг ишчи гуруҳи аъзолари билан учрашди.

Мулоқот чоғида мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистонда давлат ҳамда жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани тараққий эттириш, хавфсизлик ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасида рўёбга чиқарилаётган ўзгаришлар, халқ билан мулоқотнинг самарали ҳамда ноёб тизими юзасидан муфассал маълумот берилди.

Қуйи палата Спикери меҳмонларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, сиёсий партиялар ва фракциялар, янги тузилган қўмиталар, комиссиялар ҳамда хорижий парламентлар билан ҳамкорлик қилиш доирасида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари, шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти фаолияти ҳамда “Mening fikrim” жамоавий электрон мурожаатлар портали ҳақида сўзлаб берди. Айни чоғда депутатларнинг жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотлари ўтказилаётгани, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни бартараф қилишда парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан самарали фойдаланилаётгани, буларнинг барчаси, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли муҳофаза этишда муҳим аҳамиятга эга бўлаётгани айтиб ўтилди.

Суҳбат давомида юртимиз парламенти хорижий ҳамкорлар билан дўстона ҳамда ўзаро фойдали муносабатларни жадал ривожлантираётгани ўз эътирофини топди. Ўзбекистон ҳамда ЕИ ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик Келишуви доирасида парламент ҳамкорлиги қўмитаси, шунингдек, савдо ҳамда инвестициялар, адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқларига оид 6 та ҳамкорлик ташкилоти тузилгани бунга яққол мисолдир.

Шу билан бирга, бугун Ўзбекистонда Европа иттифоқи давлатларидан инвестициялар иштирокидаги мингдан ортиқ корхоналар фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимизда Европа иттифоқи Комиссиясининг техникавий кўмагида бизнес ва туризмни ривожлантириш, транспорт логистикаси, чегараларни бошқариш, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, хавфсизлик ҳамда бошқа йўналишларда 25 та лойиҳа ва 10 та ҳудудий лойиҳа самарали рўёбга чиқарилаётир.

Конструктив руҳда ўтган учрашувда меҳмонлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда фан-таълим, экология, туризм соҳаларида, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш бўйича жадал олиб борилаётган ислоҳотларга, шунингдек, мамлакатимизнинг яқин қўшнилар билан муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганига қизиқиш билдирди. Айни чоғда барча йўналишда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг ишончли базасини яратиб берувчи парламентлараро алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлиги ҳам қайд этилди.

Зиёда АШУРОВА.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер