Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий таълим дастури ижроси қандай?

16:17 28 Сентябр 2023 Сиёсат
403 0

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг жорий йил 27 сентябрь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий таълим дастури ижроси юзасидан ахборот эшитилди.

Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, экспертлар ва журналистлар иштирок этган ушбу мажлисда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 7 та йўналиш ва 30 та банддан иборат экани, шундан 2 та банд (1, 9-бандлар) ўз муддатида амалга оширилгани, қолган 28 та банд ҳозирда амалга оширилаётгани таъкидланди.

Қайд этилганидек, ҳудудларда “Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият” мавзуида “Прокурор ва ёшлар”, “Судья ва ёшлар”, “Адлия раҳбари ва ёшлар”, “Мажбурий ижро бюроси ва ёшлар билан ишлаш бўйича раҳбар”, “Давлат хавфсизлиги ва ёшлар билан ишлаш бўйича раҳбар” учрашувлари ташкил этилди. Республика бўйлаб ташкил этилган учрашувларда 8 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинди.

Шу билан бирга, Жамоат хавфсизлиги университетида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” фани доирасида “Ахборот соати” ҳамда “Ахлоқ соати” мавзуларида учрашувлар ташкил этилиб, унда офицерлар, сержантлар ва курсантлар, талабалар, муддатли ҳарбий хизматчилар қатнашган.

Қисқа муддатли малака ошириш курслари жадвали, қийноқларга қарши курашиш бўйича суриштирув, тергов, дастлабки тергов органлари ва озодликдан маҳрум қилиш жойлари ходимлари учун ўқув дастури ва модули ишлаб чиқилди. Режа асосида ҳудудларда миллий ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда “Қийноқларга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида курслар ташкил этилди. Ҳудудлардаги ахборот-кутубхона марказларига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 2 150 нусха адабиётлар юборилди.

Шунингдек, сенаторлар олиб борилган ўрганишлар асосида қатор муаммоларни аниқлади. Жумладан, вазирлик ҳамда идоралар томонидан “Йўл харитаси”нинг айрим бандларини бажаришда сусткашликка йўл қўйилган, унинг амалга оширилиши тўғрисида ахборот берилмаган.

Муҳокама давомида Сенат қўмиталарининг қўшма қарори қабул қилиниб, унинг доирасида Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер