Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ўртасидаги ҳамкорлик комиссиясининг учинчи мажлиси бўлиб ўтди
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
27 октябрь куни МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 54-ялпи мажлиси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссиясининг учинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларини ривожлантириш истиқболлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ўртасида 2021-2022-йилларга мўлжалланган парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини (“Йўл харитаси”) амалга ошириш ҳолати ва бориши муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева қайд этганидек, бугун парламент аъзолари кўмагида икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланмоқда, улар ўртасида қўшма лойиҳалар илгари сурилмоқда. Шу билан бирга, қардош алоқалар каби ўзаро ҳамкорлик механизмидан фойдаланишда парламент аъзоларини янада фаолроқ жалб этиш талаб этилади. Бундай алоқалар икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги амалий савдо ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши керак. Дастлабки босқичда Нукус ва Атирау каби биродар шаҳарларга эътибор қаратиш лозим. Келгусида ушбу шаҳарлар ўзларининг ижобий тажрибаларини бошқа шаҳарлар билан бўлишиши ва уларга ўрнак бўлиши мумкин.

Шунингдек, мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳудудлараро ва трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги қардош шаҳарлар алоқаларини мустаҳкамлаш, Орол денгизи фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Мажлис якунида томонлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссиянинг тўртинчи мажлисини ўтказиш тўғрисида келишувга эришди.

«Халқ сўзи»,
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг